Ўзбекистон | 17:08 / 27.01.2019
16121
3 дақиқада ўқилади

Ёшлар Иттифоқи сертификатга эга барча ёшлар ваъда қилинган ҳудуддан уй олмаслигини истисно этмаяпти

Фото: KUN.UZ

Имтиёзли шарт билан уй-жой сотиб олиш учун сертификатга эга 630 нафар иқтидорли ёшдан 150 нафари, аввал ваъда қилинганидек, Сергели тумани «Чош-тепа» мавзесида қурилаётган уйларда яшайди. Аммо қолганлар бошқа ҳудудларда қурилиши кўзланаётган уйларга эга бўлиши истисно этилмаяпти. 

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаевнинг айтишича, белгиланган вазифалар охиригача бажарилиши учун ташкилот ҳаракат қилади, аммо ҳокимиятнинг ресурслари ҳам инобатга олиниши керак. 

«Ўша жойдан уй қилиб бериш учун охиригача курашамиз. Лекин, илтимос, «бу ташкилот бир чеккада турибди» деган фикрдан йироқда бўлишингизни сўрайман», – дейди у.

2018 йил 18 сентябрдаги ПҚ-3480-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сонли қарорига асосан фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётидаги хизматлари эвазига бир гуруҳ ёшларга имтиёзли асосда уйлар берилиши белгиланган эди.

Маълум қилинишича, ёш оилалар учун мўлжалланган уйлар Тошкент шаҳар, Сергели тумани «Чош-тепа» маҳалласида қуриб битказилиши назарда тутилади. Аммо уй эгаларига хонадонлар ўз вақтида топширилмади. Бу ҳолатга Алишер Саъдуллаев қуйидагича изоҳ берган:

«Ўтган йиллар давомида Тошкент шаҳрида бир неча нафар ёшларнинг уй-жой олиш жараёни кечиккан. Лекин вазиятни тушунишингизни истайман: йиллар давомида боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган шахс ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар уй-жойсиз сарсон бўлган. Уларнинг ичида ёшлар ҳам бор. 

Уларнинг уй-жой билан таъминланмагани туфайли, Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган эҳтиёж кескин ортиб кетган», – дейди у.

Саъдуллаевнинг айтишича, иқтидорли ёшлар учун қурилаётган уй-жой биринчи галда ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга насиб этди.  Аммо у келгусида 630 нафар сертификат эгаларининг барчаси айнан «Чош-тепа» маҳалласидан уй-жойли бўлмаслигини ҳам истисно этмаяпти. ​

 

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид