Ўзбекистон | 14:52 / 01.02.2019
10068
4 дақиқада ўқилади

Ҳукуматнинг дори воситалари билан таъминлаш бўйича янги қарори қабул қилинади

Фото: ТАСС

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тиббиёт ташкилотларини ва республика аҳолисини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясини бошқариш самарадорлигини ва “O’zmedimpeks” давлат унитар корхонасининг молиявий барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 849-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган 300 млрд. сўм миқдоридаги фоизсиз бюджет ссудасининг: 

15,0 млрд. сўми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилган;

26,5 млрд. сўми “O’zmedimpeks” давлат унитар корхонаси томонидан 2019 йилнинг 1 апрелигача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўрнатилган тартибда қопланади;

258,4 млрд. сўми “O’zmedimpeks” давлат унитар корхонаси олиб келган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан харид қилишга бўлган эҳтиёжнинг асосланган ҳисоб - китоблари асосида давлат тиббиёт ташкилотларига сотиш орқали келиб тушган маблағлардан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан харид қилишга бўлган эҳтиёжнинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича тасдиқланадиган рўйхат ва тақсимотга асосан 2019 йил давлат бюджети параметрлари доирасида, шунингдек зарур ҳолларда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан:

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларига дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун зарур маблағлар ажратилишини;

давлат тиббиёт ташкилотлари харажатлари сметаларида дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун режалаштирилган бюджет маблағларини ҳудудий соғлиқни сақлаш органларига харажатлар сметасининг тегишли сатрига жамланишини таъминлайди.

Бунда давлат тиббиёт ташкилотлари кесимида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг йиллик эҳтиёжидан ортиқча захираси яратилиши ва бунинг натижасида давлат тиббиёт ташкилотларининг бошқа турдаги зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилишга маблағларнинг етишмовчилигини вужудга келишига йўл қўймаслик бўйича жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларга асосан “O'zmedimpeks” ДУК томонидан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини давлат тиббиёт муассасаларига сақлаш ва етказиб бериш харажатларини қоплаш учун республика бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясини бошқариш самарадорлигини ва “O’zmedimpeks” давлат унитар корхонасининг молиявий барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 22 октябрдаги 849 -сон қарори 8-бандининг тўртинчи хатбошидаги “мартгача” сўзи “июлгача” сўзи билан алмаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда эндокринологик касалликларга чалинган ҳамда буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларни дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида, соғлиқни сақлаш муассасаларининг харажатлар сметасида мазкур тадбирлар учун кўзда тутилган бюджет маблағларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг харажатлар сметасида жамлаш орқали, марказлашган ҳолда харид қилишга рухсат берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид