Жаҳон | 23:00 / 05.02.2019
13489
2 дақиқада ўқилади

Жакартада Ўзбекистонга саёҳат қилган индонезияликларнинг энг сара суратлари фотокўргазмаси бўлиб ўтади

7-17 февраль кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги «Истиқлол» музейида, «Ўзбекистонга саёҳат» номли фотокўргазма ташкил этилади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, фотокўргазма доирасида «Ўзбекистон уламолар юрти» мавзуидаги конференция ҳам бўлиб ўтади.

Фотокўргазмада ўтган йил давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган индонезиялик сайёҳлар томонидан ишланган энг сара 100 та фотосурат намойиш этилади. Унда шунингдек  универститет профессорлари, талабалар ва сайёҳларнинг шахсий фотоархивидаги расмларни ҳам кўриш мумкин. 

Фотокўргазмада намойиш этиладиган фотосуратлар www.visituzbekistan.id сайти орқали ҳам эълон қилинади.

Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларга жорий йилнинг 21-23-февраль кунлари Бухорода бўлиб ўтадиган Зиёрат-туризми бўйича биринчи халқаро форум ҳақида кенг маълумот тақдим этиш ҳам режалаштирилган.

Кўргазма ташкилотчилари - Туризмини ривожлантириш давлат қўмитаси, Индонезиядаги Ўзбекистон туризм элчиси профессор Эко Шри Маргианти ҳамда «Истиқлол» музейи маъмурияти.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Индонезияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб этиш, икки давлат ўртасида туризмни ривожлантириш, туризм соҳасига хорижий инвесторларни жалб этиш ва Ўзбекистонни дунёдаги зиёрат туризми марказларидан бири сифатида намоён этишдан иборат.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид