Озарбойжон бизнес-иқлим кўрсаткичлари бўйича бир йилда 57-ўриндан 25-ўринга кўтарилди
Озарбойжон мамлакатда яратилган бизнес-иқлим кўрсаткичларига кўра жаҳон миқёсида бир йилда 57-ўриндан 25-ўринга кўтарилди, бу собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида 1-ўрин демакдир. Озарбойжон Республикаси иқтисодиёт вазири Шаҳин Мустафоев 5 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ҳукуматлараро учрашув доирасида шундай баёнот берди.
“Сўнгги икки йилда мамлакатимизда туб ислоҳотлар ўтказилди. Жаҳон банкининг DoingBusiness ҳисоботига кўра, Озарбойжон 19-ўринда. Мамлакатдаги бизнес-иқлим кўрсаткичларига кўра эса, Озарбойжон бир йилда 57-ўриндан 25-ўринга кўтарилди. Бу собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида 1-ўрин демакдир”, - дейди у.
Шаҳин Мустафоевнинг таъкидлашича, иқтисодий нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Озарбойжон жуда катта имкониятларга эга. Мамлакатлар ўртасида 100 дан зиёд ҳукуматлараро келишувлар имзоланган. Товар айланмаси эса 50 фоизга ошган.
“Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги алоқалар ривожи фақат иқтисодий соҳа билан чекланиб қолмайди. Биродар Ўзбекистон халқидан Арманистон-Озарбойжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди билан боғлиқ зиддиятни тартибга солишда бизни доим қўллаб-қувватлаб келгани, адолатли позицияни тутгани учун миннатдормиз.
Сўнгги йилларда юртингизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларни кўришдан хурсандмиз. Бу сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва энг муҳими амалий натижаларга олиб келмоқда. Ўзбекистоннинг бугунги ютуқлари бизни ҳам қувонтирмоқда. Бугунга келиб Ўзбекистон ажойиб натижаларни қайд этаётган турли халқаро рейтингларга тўхталиб ўтирмаймиз, кундалик ҳаётимизда дуч келадиган нарсалар ҳақида сўзлаймиз. Биз Artel компаниясининг ажойиб маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариши билан танишдик. У ерда энг замонавий технологиялар бўйича ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бизга маълум қилинишича, компанияда ишлаб чиқарилаётган маиший техниканинг 30 фоизга яқини бошқа мамлакатларга муваффақиятли экспорт қилинмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу экспортнинг катта қисми Озарбойжон ҳиссасига тўғри келади ва бизнинг истеъмолчилар бу маиший техникалар сифатини юқори баҳолайди”, - дейди вазир.
Шунингдек, Озарбойжон вакили халқаро стандартларга мувофиқ келувчи текстиль фабрикасида бўлганини қўшимча қилди. У ерда меҳнат қилаётган ёшларнинг замонавий технологиялардан фойдаланиши ва хорижий тилларда сўзлай билиши ўзбек халқининг эришаётган ютуқларидан далолат беришини қайд этди. Инсон капиталининг ривожи бугунги кундаги энг муҳим қадриятлардан биридир.
Озарбойжон ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир ислоҳотларни амалга оширмоқда ва бу борада катта муваффақиятларга эришмоқда. Мамлакат иқтисодиёти шиддат билан ўсмоқда.
“Сўнгги 15 йилда Озарбойжон иқтисодиёти 3,3 бараварга ошди. Нефтдан ташқари секторлар уч бараварга яқин ошди. Бу биз учун муҳим аҳамиятга эга, чунки Озарбойжон иқтисодий ривожининг асосий мақсади мамлакат иқтисодиёти диверсификациясидир, бошқача айтганда - мамлакатнинг нефтдан ташқари секторларини ривожлантириш. Саноат ишлаб чиқариши - 2,6 бараварга, қишлоқ хўжалиги - 1,7 бараварга, нефтдан ташқари маҳсулотлар экспорти 5 бараварга ошди. Сўнгги 15 йилда Озарбойжон иқтисодиётига киритилган инвестициялар 250 миллиард долларни ташкил қилди, уларнинг тахминан ярми хорижий сармоядорлар ҳиссасига тўғри келади ва бу жуда яхши кўрсаткич”, - дейди Мустафоев.
Бундан ташқари, Шаҳин Мустафоев ўз нутқида Озарбойжон томон яқин келажакда Ўзбекистон Президентининг Озарбойжонга ташрифини кутиб қолишини таъкидлади.
“Биз барчамиз яқин келажакда ҳурматли Ўзбекистон Президентининг Озарбойжонга ташрифларини кутиб қоламиз. Умид қиламизки, бугунги учрашувларимиз жаноб Мирзиёевнинг Озарбойжонга ташрифи учун замин ясайди”, - деди у.
Озарбойжоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиевнинг Kun.uz мухбирига билдиришича, Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг ҳамкорлик салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаган.
“Икки мамлакат ўртасидаги сиёсий муносабатлар юқори даражада. Мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлик салоҳиятли улкан, лекин улар ҳали охиригача амалга оширилмаган. Бу учрашув давомида икки томондан ҳам тан олинди. Давлатларимиз тарихи ва ўзаро алоқаларни инобатга оладиган бўлсак, ҳамкорлик истиқболлари юқори. Ўтган йил Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги товар айланмаси 50 фоизга ошган бўлса, бугунги учрашувлардан кейин бу кўрсаткич янада яхшиланади. Биз бундан-да самарали, бундан-да юқори натижаларни кўзлаб ишлашимиз керак”, - дейди элчи.
Унинг сўзларига кўра, 5 февралдаги ўзаро учрашувлар якунларидан келиб чиқиб озарбойжонлик алоҳида ишбилармонлар Ўзбекистондаги ташрифи давомийлигини узайтириши мумкин.
Мавзуга оид
14:26
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
17:29 / 12.11.2024
Мирзиёев БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди
23:45 / 11.11.2024
Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Боку шаҳрига борди
22:20 / 08.11.2024