14:06 / 15.02.2019
13461

Психотроп дори воситалари жойланган жўнатмалар тўхтатиб қолинди

Халқаро почта Конвенциясига асосан, почта жўнатмалари орқали психотроп ва наркотик воситаларнинг юборилиши қатъиян тақиқланган. Ўзбекистон Республикаси “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Шунга қарамай, сўнгги пайтларда таркибида наркотик ва психотроп моддалари мавжуд бўлган дори воситаларини почта жўнатмалари орасида жўнатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари шу турдаги қоидабузарликларни фош қилишди.

Жумладан, фуқаролар Ю.И., А.А., Б.А. номига хориждан юборилган почта жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилганда “CN22” шаклидаги божхона декларациясида кўрсатилмаган салкам 300 дона “Феназепам”, “Лоразепам” ҳамда “Оксазепам” психотроп таблеткалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, мазкур пост ходимлари томонидан фуқаролар О.К., Б.Н.,О.Ф. номига келган почта жўнатмалари орасидан эса 204 дона “Трамадол”, “Андипал”, “Рокацет плюс” каби психотроп таблеткалари борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top