Ўзбекистон | 20:11 / 17.02.2019
20986
3 дақиқада ўқилади

Вазирлик: «Ақ жағыс» фойдаланишга яроқсиз ва у таъмирланмайди

Нукус шаҳар маданият бўлимига қарашли «Ақ жағыс» маданият маркази биносидан фойдаланиш имкони йўқ. Марказ ўз фаолиятини 2-сонли умумтаълим мактаб биносида давом эттирмоқда, деб хабар бермоқда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги.

Kun.uz'да абгор аҳволда қолаётган мазкур маданият маркази ҳақида мақола эълон қилинганди. Маданият марказининг суратларига қараб, иморат бир қарашда омборхона ёки қорамоллар сақланадиган жойга адаштириб юборилиши мумкин.

«Болаларнинг тўгарак машғулотларига иштиёқи баланд, аммо улар учун бу ерда на имконият ва на муносиб шароит бор. Ўқитувчи-ю болалар бир томондан деворнинг қулаб тушишидан қўрқиб ўтирса, иккинчи томондан синиқ эшиклар ва ойналардан кираётган совуқ жон-жонидан ўтиб кетади», — деб ёзади Омирбай Есбергенов қулаб тушишга тайёр масканда таълим олишни истаган 60 нафардан зиёд бола ҳақида. 

Мақолада марказ раҳбарияти мазкур аҳвол бўйича «тегишли юқори ташкилотларнинг барчасининг хабари бор»​ деган изоҳни келтириб ўтгани айтилганди. 

Қорақалпоғистон Маданият вазирлиги маълумотига кўра, бино 1971 йилда «поликлиника» сифатида қурилган бўлиб, жами 2025 м/кв ер майдонга эга бўлган. 

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги 178-сон қарорига асосан ушбу марказ 2018 йилда таъмирланиши кўзда тутилган эди. Бироқ, маҳаллий бюджет маблағлари ажратилмаганлиги сабабли ушбу объектда таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмаган», — дейилади вазирлик ахборотида. 

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатида эса маданият марказларини таъмирлаш учун бюджетлари маблағларидан ташқари, бўшаб қолган маблағлар, шунингдек жалб этиладиган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан бажаришга рухсат берилган. 

Мутасаддилар маданият ва аҳоли дам олиш марказлари биноларини мукаммал таъмирлаш, шунингдек, зарурият бўлганда, реконструкция қилиш ва уларни замонавий асбоб-ускуналар ва анжомлар билан жиҳозлаш учун келаси йилга тасдиқланиши назарда тутилган минтақавий манзилли рўйхатларни ҳар йили белгиланган тартибда ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига ва Молия вазирлигига киритиши ҳам мумкин эди. Афсуски, шу амаллар ҳам бажарилмаган.

Мавзуга оид