Ўзбекистон | 17:33 / 28.12.2022
7112
2 дақиқада ўқилади

«Вазирликларнинг функциялари реестри юритилади» – адлия вазири янги вазирликлар ҳақида

2023 йил 1 январдан вазирликлар қисқартирилиб, ижро ҳокимияти янги шаклда иш бошлайди. Адлия вазири Акбар Тошқулов янги бошқарув тизими ҳақида маълумот берди.

Фото: KUN.UZ

Вазирликларнинг функциялар реестри юритилади. Бу ҳақда 28 декабр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида адлия вазири Акбар Тошқулов маълум қилди. 

«Ҳозирги бошқарув тизимининг барча муаммоларини ҳисобга олган ҳолда янги механизм жорий қилинмоқда. Унда ҳар бир вазирликнинг функциялари белгиланади. Функциялар реестри юритилиши кўзда тутилмоқда. Реестр билан функциялар қандай амалга оширилиши жуда ҳам муҳим.

Бюрократия деймиз, таниш-билишчилик, коррупция ва бошқалар мана шу жараёнда кечади. Мана шу жараённи тўғриласак, мақсадга эришиш мумкин. Охирги натижаларда рақамлаштиришга эришилди, жуда кўп давлат функциялари электрон бажариладиган бўлди. Шунингдек, ақлли бошқарув тизимлари ўрганиляпти, баъзилари жорий қилинди. Буни ҳам жорий қилиш режа қилинмоқда», деди вазир. 

Тошқуловнинг қўшимча қилишича, янги бошқарув тизимида энг муҳими давлатнинг бизнес ва иқтисодиётга аралашув масаласи ҳам кўрилмоқда.

«Ҳукуматнинг олдинги структурасини ўрганадиган бўлсак, ҳар хил соҳалар бўйича комплекслар бор эди. У комплекслар албатта ишлаши керак. Комплекслар иқтисодиётнинг тегишли соҳалари бўйича маълум ричакларини ишлаб чиқарарди. Янги ҳукумат тизимида мана шу ричаклар йўқ  бўляпти. Иқтисодиётда ҳукуматнинг иштироки фақат қоидалар яратиш орқали бўлади», деди адлия вазири.  

Эслатиб ўтамиз, 24 декабр куни «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди

Унга кўра, президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги кенгашининг Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи доирасида 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сонини 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сонини 25 тадан 21 тагача қисқартириш бўйича таклифи маъқулланган.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид