Ўзбекистон | 16:01 / 25.03.2022
7469
4 дақиқада ўқилади

Вазирлик ва ҳокимликларнинг хизмат машиналари 2030 йилгача тўлиқ электромобилларга алмаштирилиши мумкин

Вазирликлар, бюджет ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар хизмат машиналарини 2025 йилгача камида 10 фоизигача, 2030 йилгача эса тўлиқ электромобилларга алмаштириш таклиф этилмоқда.

Фото: panthermedia/vostock-photo

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига кўра, 2025 йилгача бюджет ташкилотлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар хизмат машиналарининг камида 10 фоизини, 2030 йилгача эса тўлиқ электромобилларга алмаштириш кўзда тутилмоқда.

«Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги президент қарорига кўра, 2022 йилдан бошлаб давлат ташкилотлари томонидан харид қилинадиган транспорт воситаларининг камида 20 фоизи электромобиллар бўлиши талаб этилади.

Бундан ташқари қарор лойиҳасида вазирликлар, идоралар, бюджет ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар электробусларни маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва сервис хизматига эга корхоналардан харид қилиши белгиланган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан электромобиллар, гибрид автомобиллар ва электробусларни лойиҳалаштириш, синаш ҳамда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида дастлабки намуна сифатидаги автомобиллар, бутловчи қисм ва хомашё материаллари, шу жумладан, технологик ускуна ва жиҳозларни (20 дона ёки машина-тўпламлар) харид қилишда потенциал ҳамкор корхоналар билан тўғридан тўғри шартнома тузишга розилик берилади.

Ҳужжат лойиҳаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда электромобилларни республика ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва 2030 йилга бориб республикада сотилаётган автотранспорт воситаларининг камида 15 фоизини электромобиллар ташкил этишига эришиш мақсад қилинган.

Қарорга кўра, М1, М2, М3, N1, N2, N3 категориядаги электромобиллар ва электробусларни харид қилиш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан 2030 йил 31 апрелгача қадар:

  • қувватлантириш станциялари ҳамда уларнинг ҳар бири атрофида камида иккита электромобиль учун тўхташ жойи жойлашган ер участкалари ер солиғи тўлашдан озод этилади;
  • юридик шахсларнинг мижозларни жалб қилиш учун қувватлантириш станцияларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлари даромад солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатлар ҳисобланади. Бунда, ушбу чегириладиган харажатлар солиқ солинадиган базанинг 2 фоизидан ошмаслиги лозим;
  • электромобилларни республика ҳудудига олиб киришда улар божхона божидан озод қилинади ҳамда ишлаб чиқарилган санаси бир йилдан ошмаган электр двигателда ҳаракатланувчи автомототранспорт воситаларини «эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар 2027 йил 1 январга қадар утилизация йиғими тўлашдан озод этилади;
  • республика ҳудудига олиб кириладиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси технологик асбоб-ускуналари божхона божидан (божхона расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) озод қилинади.

Президент қарори лойиҳаси муҳокамаси 9 апрелга қадар давом этади.

Аввалроқ «Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари Азиз Шукуров Хитойнинг BYD компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Volkswagen электромобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Давлат статистика қўмитасига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонга қиймати 16,9 млн долларга тенг бўлган 809 та электромобил импорт қилинган, бу 2020 йилга нисбатан 6,2 бараварга кўп. 2022 йилнинг биргина январ ойида ўзбекистонликлар хориждан қиймати 3,1 млн долларга тенг бўлган 122 та электромобиль сотиб олган.

Мавзуга оид