Жамият | 10:26 / 18.02.2019
6973
2 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда 17 киши муддатидан олдин озодликка чиқарилди

Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман суди томонидан озодлиқдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган 17 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинди.

Жумладан, маҳкум Н.Э жиноят кодексининг 73-моддаси (Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш)га асосан суд залидан муддатидан олдин озодликка чиқди.

Суд раиси Азиз Сафаровнинг Kun.uz’га маълум қилишича, қолган 16 нафар маҳбуснинг ўталмай қолган жазоси худди шу муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси билан алмаштирилди. Мисол учун маҳкум Д.Б.га Кармана туман судининг 2017 йил 26 апрель кунидаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168, 28, 211-моддалари тегишли бандлари билан айбдор деб топилиб, 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Унга белгиланган жазонинг ўталмай қолган 3 йил 7 ой 20 кунлик муддати ахлоқ тузатиш иши жазоси билан алмаштирилди.

Маҳкумлар ўз вақтида фирибгарлик, пора бериш, ўғрилик, талончилик каби жиноятлар содир этган. Улар жазони ўташ вақтида ўзини яхши тутгани, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлгани ва қатъий тузалиш йўлига ўтгани сабаб муддатидан аввал озодликка чиқарилган.

Маълумот учун, ЖКнинг 73-моддасига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятга қўл урганлар белгиланган жазонинг учдан бир қисмини, оғир жиноят қилганлар, хусусан қасддан жиноят содир этганлар белгиланган жазонинг камида ярмини, ўта оғир жиноят содир этганлар эса суд ҳукм қилган жазонинг учдан икки қисмини ўтаганидан кейингина жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши мумкин.

Мавзуга оид