Хоразм вилояти ариқлар, захкашлар ва каналларга бой ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда 3 мингдан ортиқ катта ва кичик кўприклар мавжуд. Уларнинг аксарияти ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилган.
Кўприкларнинг эксплуатация даври ўртача 50 йилни ташкил қилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кунда уларнинг кўпчилиги жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирди, таъмирталаб бўлиб қолди. Баъзилари эса «ёшини яшаб, ошини ошаб» бўлди, ўпирилди, қулаб тушди, яроқсиз ҳолга келиб қолди.
Кўприк билан боғлиқ сўнгги жиддий техноген авария ўтган йилнинг 1 ноябрь куни юз берган, Урганч - Чолиш йўлининг 10 километридаги каналга қурилган кўприк жуда эскириб кетгани сабабли, юк автомобили оғирлигини кўтаролмай, қулаб тушган эди. Яхшиямки, бу аварияда жабрланганлар бўлмаганди. Аммо вилоятни Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудлар билан боғлаб турувчи асосий йўл маълум муддатга ёпилиб қолганди.

Ёнида вақтинчалик кўприк қурилган.
Бу воқеадан кейин Хоразм вилояти бўйича барча кўприкларнинг ҳолати текширувдан ўтказилиб, уларга баҳо берилди. Кўприклар олдига юк кўтариш қобилиятини кўрсатувчи «Вазн чекланган» ва «Ўққа тушадиган оғирлик чекланган» белгилари ўрнатилди.

Маълумот ўрнида, «Вазн чекланган» белгиси – ҳақиқий умумий вазни белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради.
«Ўққа тушадиган оғирлик чекланган» белгиси - бирорта ўқига тушадиган ҳақиқий оғирлиги белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради.
Мисол учун иккита ўққа эга бўлган юк автомобилининг оғирлиги олд қисмига 1/3 нисбатда, орқа қисмига 2/3 нисбатда тақсимланади. Учта ўқли автомобилларнинг ҳар бир ўқига 1/3 нисбатда тақсимланади. Агар ўққа тушадиган оғирлик белгида кўрастилганидан юқори бўлса, ҳайдовчи бу йўлни бошқа йўналиш орқали айланиб ўтиши шарт бўлади.





















