Халқ таълими вазирлиги мактабларда зўравонликнинг олдини олиш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда
2019 йилдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим мактабларида зўравонликнинг олдини олиш мақсадида лойиҳаларни амалга оширишни бошлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, “Мактабларда зўравонликнинг олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси” лойиҳаси ўтказилиши режага киритилди.
Лойиҳа мактабларда ўқувчиларнинг эмоционал ҳолатини аниқлаш ва ижобий психология методини ўқитиш орқали буллингнинг олдини олиш ва унга қаршиликни оширишга қаратилган.
2019 йилнинг июль ойига қадар ижобий психология методи Тошкент шаҳридаги тўртта мактабда ҳамда Нукус, Бухоро, Самарқанд ва Намангандаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида синовдан ўтказилади.
Асосий эътибор мактабларда руҳий тушкунликка тушган болаларни аниқлаш, шунингдек, ўқитувчи ва психологлар учун ташкил этилган тренинг ва машғулотлар орқали стрессни енгиб ўтишига кўмак беришга қаратилади. Шу билан бирга, лойиҳа ўқитувчиларга ҳам стресс ва ишдан “совиш” ҳолатларининг олдини олишда ёрдам беради.
Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса ижобий психология методи Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларининг ўқитувчилар ва психологларини ўқитиш дастурларига жорий этиш режалаштирилган.
Мазкур беш ойлик лойиҳани амалга оширишда АҚШлик профессор Лори Вульф иштирок этади. У ижобий психология соҳаси мутахассиси, бир қатор илмий нашрлар ва профессионал тақдимотлар муаллифи ҳамда болалар ва ўқитувчилар ўртасида стрессни бошқариш, болаларда стресс ҳолатини аниқлашга ихтисослашган эксперт ҳисобланади.
Январь ойида вазирлик ЮНЕСКО билан ҳамкорликда умумий ўрта мактабларда зўравонликни олдини олиш лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Лойиҳа 2019-2020 йилларда амалга оширилади ва зўравонликнинг олдини олишга бағишланган ўқув материаллари Ўзбекистон шароитига ва қонунчилигига мослаштирилади.
Шу билан бирга, ХТВ @xtvabbot ботини ишга туширган бўлиб, бот ёрдамида ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг зўравонлик ва агрессияга оид саволларига жавоб берилмоқда.
Мавзуга оид
22:39 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчисини зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланган – Бош прокуратура
12:03 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
20:57 / 31.10.2024