Самвел Бабаяннинг дисквалификацияси нега бекор қилингани ва бу ҳақдаги қарор нега яширилгани маълум бўлди
Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг ижро қўмитаси бюроси миллий терма жамоанинг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаянни футболдан умрбод четлатилиши ҳақидаги қарорини бекор қилган. Бу ҳақда мутахассиснинг ўзи Kun.uz мухбирига гапириб берди.
Бабаяннинг четлатилиши ҳақидаги қарор 2018 йил 15 январь куни қабул қилинган ва ЎФА уни «Пахтакор» клуби футболчиларининг шартномаси билан боғлиқ қаллобликларни амалга оширганликда, шунингдек, миллий терма жамоадан ўз манфаатлари йўлида фойдаланганликда» айблаган эди.
Бабаяннинг сўзларига кўра, Федерация ижро қўмитаси бу қарорни 2 ҳафта ўтгач, 1 февраль куни бекор қилган ва буни «миллий терма жамоада бош мураббий бўлиб ишлаганида намоён қилган ватанпарварлиги учун» деган сўзлар билан изоҳлаган.
«Мен дисквалификация қилинганимдан сўнг 2 ҳафта ўтгач, бу қарор бекор қилинди. Нега дисквалификация қилинганимни тушунмадим. Бу вақтда мен Москванинг «Спартак» клубида малака ошираётгандим. Дисквалификация ҳам ва унинг бекор қилиниши ҳақидаги қарор ҳам менинг иштирокимсиз қабул қилинди», – деди Бабаян.
Қайд қилиш жоизки, ЎФА ижро қўмитасининг дисквалификация бекор қилингани ҳақидаги қарори Бабаяннинг қўлида бор ва у Kun.uz мухбирига тақдим қилинди. Унда «миллий терма жамоада бош мураббий бўлиб ишлаганида намоён қилган ватанпарварлиги учун» деган сўзлар бор.
ЎФА нега бу қарорни расман эълон қилмади деган саволга Бабаян: «буни ошкор қилмасликни илтимос этишди», деб жавоб берди.
Аввалроқ, ЎФА Самвел Бабаяннинг дисквалификацияси билан боғлиқ вазият бўйича баёнот бериб, «Бунёдкор» футбол клуби унга шахсий кафил бўлиш ташаббусини билдиргач, унинг устидан очилган иш 2018 йилнинг 1 февраль куни ёпилгани ва дисквалификацияси бекор қилинганини маълум қилди.
Бироқ ЎФА ўтган бир йил давомида Самвел Бабаяндан дисквалификация олиб ташлангани ҳақидаги қарорни нега эълон қилмагани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
Мавзуга оид
14:32 / 29.06.2024
Расман: «Навбаҳор» ва Бабаян ўзаро келишувга асосан шартномани бекор қилишди
13:00 / 12.11.2022
Пойтахт клубларининг 21 йиллик ҳукмронлиги давом этадими? Тошкентда дерби, Кападзе – Бердиев, Қосимов Бабаянга қарши
19:03 / 14.09.2022
ЎФА журналистга тазйиқ ўтказган Самвел Бабаянга чора кўрди
16:54 / 12.09.2022