Ўзбекистон | 19:06 / 28.02.2019
18375
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президентлигига номзод шахснинг 15 нафар ишончли вакили бўлиши мумкин – янги кодекс

Фото: anons.uz

Сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод ёхуд сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар содир этиш ҳам маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилишига олиб келади. Бу ҳақда Сенатнинг ялпи мажлисида нутқ сўзлаган сенатор маълум қилди.

28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XVIII ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Кун тартибида «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»​ги Ўзбекистон қонуни ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлиб, ушбу ҳуқуқлар жиноят қонунчилиги билан ҳам муҳофаза қилинади. 

Янги кодексга мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш амалдаги тартибга кўра сайловга 1 кун қолганда эмас, балки 3 кун қолганда тугатиш белгиланди.

Шунингдек, сиёсий партиянинг у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан 15 кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ўрнатилди.

Ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни – уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши аниқ кўрсатилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 нафардан 5 нафаргача кўпайтириш мумкинлиги назарда тутилган.

Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод 10 нафарга қадар, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод 5 нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод 3 нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан 1 кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш тақиқланди.

Маълумот учун, ҳозирги вақтда Франция, Бельгия, Польша, Албания, Арманистон, Озарбайжон, Болгария, Грузия сингари 40та давлат ўзининг ягона Сайлов кодексига эга.

Мавзуга оид