23:05 / 01.03.2019
10799

Хитойда 23 млн кишига самолёт ва поездларга чипталар харид қилиш тақиқланди 

Хитойда 2018 йилда 23 млн кишига қоидабузарликлар учун жазо сифатида самолёт ва поездларга чипталар харид қилиш тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди. 

Нашрнинг таъкидлашича, бундай чоралар мамлакатда “ижтимоий кредит” тизимини қўллаб-қувватлаш учун кўзда тутилган. У қонунга амал қилувчи фуқароларга имтиёзлар бериш ва қоидабузарларга турли тўсиқлар қўйишни назарда тутади. Жумладан, солиқни тўламайдиганлар, ёлғон ахборот тарқатувчилар, гиёҳвандлар ёки поездда тамаки чекувчилар ёхуд итини тасмасиз сайр қилдирувчиларда муайян муаммолар пайдо бўлиши мумкин. 

Янада аниқроқ айтилса, 17,5 млн хитойлик самолётларга, 5,5 млн нафари тез юрувчи поездларга чипта харид қила олмаган. Аввалроқ Хитойнинг ривожланиш ва ислоҳотлар ишлари бўйича давлат қўмитаси бундай тақиқловлар бир йилгача белгиланиши мумкинлигини маълум қилган.  

Хитойда “ижтимоий кредит” қоидаларини бузганлик учун бошқа жазо турлари ҳам мавжуд. Мисол учун, фуқароларга маълум муддатга суғуртани расмийлаштириш, кўчмас мулк харид қилиш ёки инвестициявий лойиҳаларда иштирок этиш тақиқланиши мумкин.

Хитой ҳукуматининг таъкидлашича, ушбу тизим ўз мевасини бермоқда. Жумладан, 3,5 млн фуқаро ва компаниялар солиқларни тўлашган ва қарзларини қайтаришган.

Top