Жаҳон | 00:19 / 02.03.2019
8779
2 дақиқада ўқилади

ЖАРда учувчи сохта лицензия билан 20 йил ишлагани фош бўлди 

Фото: Delwyn Verasamy/M&G

ЖАРнинг South African Airways авиакомпаниясида 20 йил ишлаган катта учувчи Уильям Чендлер шу вақт давомида сохта лицензия билан ишлагани маълум бўлгандан кейин ишдан бўшашига тўғри келди. Mail & Guardian нашрининг ёзишича, лицензиянинг сохталигини 2018 йил ноябрда Швейцария осмонида юз берган воқеадан кейин аниқлашга муваффақ бўлинган. 

“Самолёт бир нечта ғалати ҳаракат қилган, буни ҳеч ким, ҳаттоки экипаж аъзолари ҳам тушунмаган”, деб маълум қилган авиакомпания вакили. Ноодатий воқеа раҳбариятни ички тергов ўтказишга мажбур қилган, унинг давомида воқеа вақтида самолётни бошқарган Чендлернинг лицензияси ҳақиқийлиги борасида шубҳа туғилган. Учувчи терговнинг якунланишини кутиб ўтирмай, ишдан бўшашга қарор қилган.

ЖАРда фуқаролик авиациясида ишлаш энг юқори ҳақ тўланувчи ишлардан бири ҳисобланади. Мисол учун, энг паст синфдаги учувчи ойига 900 минг ранд (64 минг доллар) олади, капитаннинг маоши эса 6 млн рандгача (482 минг доллар) етиши мумкин. Аммо йўловчи самолётларини бошқариш учун компанияга ишга киргандан кейин 5 йил ичида назария бўйича имтиҳон топшириб, тиббий кўрикдан ўтиб ва 1,5 минг соат учиб учувчининг махсус лицензиясини олиш керак. Бундай лицензия эса 150 минг ранд (10,7 минг доллар) туради. 

Таъкидланишича, Чендлернинг у билан бирга 1994 йилда компанияга ишга кирган ҳамкасблари 10 йилдан бери парвозларга сардорлик қилишади, бироқ Чендлер кўтарилмай, катта учувчи бўлиб ишлашда давом этган. Нашр маълумотларига кўра, у ўз лицензиясини тасдиқлашига тўғри келиши сабабли кўтарилишдан атайлаб бош тортган.

Мавзуга оид