Спорт | 13:10 / 03.03.2019
11165
7 дақиқада ўқилади

Шимолий Лондон дербиси: Кейн рекордчи, Обамеянг антиқаҳрамон

«Тоттенҳэм» ва «Арсенал» ўртасидаги навбатдаги дерби учрашуви ҳам ҳиссиётларга бой кечди. Ўйин 1:1 ҳисобида Маурисио Почеттино жамоаси фойдасига ҳал бўлди.

«Тоттенҳэм Ҳотспур» - «Арсенал» - 1:1 (0:1)
Голлар: Рэмзи, 16 (0:1). Кейн, 74 - пенальти (1:1). 
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Обамеянг, 90 (дарвозабон)
«Тоттенҳэм Ҳотспур»: Ллорис, Фертонген, Алдервейрелд, Роуз, Триппьер, Санчес, Сиссоко, Ваньяма (Ламела, 59), Эриксен, Сон Хин Мин (Льоренте, 79), Кейн.
«Арсенал»: Лено, Монреаль, Папастатопулос, Мустафи, Косьельни, Рэмзи (Ўзил, 72), Мхитарян, Чака, Гендузи (Торрейра, 46), Ляказетт (Обамеянг, 56), Ивоби.
Огоҳлантиришлар: Мхитарян, 58. Ламела, 63. Роуз, 69. Чака, 74. Льоренте, 84. 
Четлатиш: Торрейра, 90+5. 
Ҳакам: Тэйлор.
2 март. Лондон. «Уэмбли» стадиони.

Фердинанднинг норозилиги
2017 йилнинг баҳорида «Тоттенҳэм» ўз мухлисларини хурсанд қилганди: 22 йиллик танаффусдан кейин «шпорлар» турнир жадвалида «Арсенал»дан юқорида жойлашади. Бир йил ўтиб «канонирлар» яна принципиал рақибни ўзидан юқорида кўришга мажбур бўлди. Кўринишидан, кетма-кет учинчи йил ҳам шундай бўладигандек эди. Аммо навбатдаги Шимолий Лондон дербиси арафасида вазият 180 даража ўзгарди. Кейннинг қайтишига қарамасдан, Маурисио Почеттино жамоаси кетма-кет икки ўйинда «Бёрнли» ва «Челси»га мағлуб бўлди, «Арсенал» билан орадаги фарқ 10 очкодан 4 очкога қисқарди. Бу икки турда ишончли ғалабаларга эришган «Арсенал» энди «Тоттенҳэм»ни нишонга олганди. Эндигина соғайиб сафга қайтган арманистонлик яримҳимоячи Генрих Мхитарян бу ўйинларда «канонирлар»нинг асосий футболчисига айланди: «Саутҳемптон» (2:0) ва «Борнмут» (5:1) билан ўйинларда у 2та гол уриб, 3 голга узатма берди. Бунинг эвазига у дерби учрашувида ҳам асосий таркибдан ўрин олди, лекин бошланғич таркибда Лондон дербиларидаги энг яхши снайперга айланиб бораётган Обамеянгга жой топилмади. «Энг яхши футболчилар захира ўриндиғида қолди!», дея норозилигини билдирди Рио Фердинанд Эмери Обамеянг ва Торрейрани захирада қолдирган Эмерини «Тоттенҳэм» фойдасига қарор чиқаришда айблаб.

Санчеснинг хатоси
Қизиқ, агар ўйиннинг 3-дақиқасидаёқ бошланғич таркибда тушган Ляказетт аниқроқ ҳаракат қилганида Фердинанд нима деган бўларди? Аммо ҳимоячиларнинг ортида пайдо бўлиб, дарвоза томон зарба берган француз ҳужумчиси бироз ноаниқ ҳаракат қилди. Лекин «канонирлар»нинг ўйин бошидаги фаоллиги барибир натижа келтирди. Майдон марказида Давинсон Санчес болаларча хатога йўл қўйди ва Ляказетт майдоннинг иккинчи қисмида туриб Рэмзини Льорис билан бирга-бир вазиятга чиқарди, уэльслик футболчи «офсайд қопқони»га тушмади ва аввал дарвозабонни эмаклатиб кейин тўпни бўш қолган дарвозага юмалатиб юборди.

Почеттино эса дамбадам ёрдамчи ҳакам билан баҳслашиб, ўз футболчиларига қилинаётган фолларга жазо берилмаётганидан норозилик билдирди. Ҳакам Ҳарри Кейннинг бош билан урган голини ҳисобга олмади, чунки ҳужумчи бу вақтда ўйиндан ташқари ҳолатда эди.

Дарвозабонлардан сэйвлар ва ҳакамдан баҳсли пенальтилар

Ўтказиб юборилган голдан кейин «Тоттенҳэм» меҳмонларни ҳимояланишга мажбурлади. Биринчи бўлимда мезбонлар тўпга эгалик қилиш бўйича яққол устунликка эришишди. Лекин хавфли вазиятлар «Арсенал»да бўлди. Бир эпизодда Ивобининг узоқ бурчакка йўллаган аниқ зарбасини Льорис бармоқларининг учлари билан тўсишга улгурди. Кейинроқ Лено дарвозаси олдида ҳам чиройли вазиятлар юзага келди. Германиялик дарвозабон бир неча сония фарқи билан икки марта кучли зарбаларни қайтарди. Аввалига плеймейкерлик вазифасини зиммасига олган Кейин тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берди, аммо Эриксен бирга-бир вазиятда гол уролмади, қайтган тўпга Сиссоко етиб келди, аммо Лено яна қаҳрамонлик кўрсатди.

Иккинчи бўлимни «Арсенал» Торрейра билан бошлади. Иккинчи бўлим ҳам Ляказеттнинг қулай вазиятда тушунарсиз хатоси билан бошланди ва мураббий уни тезда майдондан олиб, Обамеянгни ўйинга ташлади.

Эмери иккинчи бўлимда кучли захира ўриндиғидан фойдаланди. Ўйиннинг муҳим паллалари яқинлашаётган вақтда Рэмзи ўрнига Ўзил туширилди. Аммо кадрлар алмашинуви ўйинга жиддий таъсир кўрсата олмади. 75-дақиқада жарима зарбаси амалга оширилган вақтда Мустафи Ҳарри Кейнни туртиб юборгани учун ҳакам пенальти белгилади.

Аммо суратларда кўриш мумкинки, тўп узатилган вақтда Ҳарри офсайдда қолганди. Ҳакам барибир 11 метрли жарима нуқтасини кўрсатди ва «жабрланувчи»нинг ўзи зарбани аниқ ижро этди - 1:1. Кейн энди 10та гол билан АПЛ доирасидаги Шимолий Лондон дербиларидаги энг яхши тўпурарга айланди.

Ўйин охирида Энтони Тэйлор «қарзини қайтаришга» қарор қилди ва мезбонлар жарима майдони ҳудудида Санчес Обамеянгни йиқитди, деб ҳисоблаб «нуқта»ни кўрсатди. Аммо габонлик ҳужумчи тўпни Льориснинг қўлларига ташлаб берди. Обамеянг ўйин антиқаҳрамони.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг бешинчиси ўтиб бораётган вақтда Лукас Торрейра Дэнни Роузга ишлатган қўполлиги учун қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.

Лондон дербиси дуранг ҳисобда якунланди, бу шу куни туғилган кунини нишонлаган Почеттино (у «Арсенал»га қарши ўйинларидаги мағлубиятсиз сериясини сақлаб қолди) ва Тоби Альдервейрелд учун юпанч бўлди. Аммо бу дуранг кўпроқ «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити»ни хурсанд қилди. Энди Англия чемпионлиги учун даъвогарлар иккита қолди. «Арсенал» эса кейинги турда «Манчестер Юнайтед»га қарши ўта муҳим ўйинда майдонга тушади, бу ўйин икки жамоанинг Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун ўзаро кураши бўлади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид