“Мўътабар аёл” кўкрак нишони ўзининг илк эгаларига топширилди
Бугун, 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасида жамият ҳамда давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланиши, шунингдек оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга илк бор “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди. Мукофотларни Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева топширди.
Президент фармони билан таъсис этилган мазкур кўкрак нишони билан тақдирлаш учун Республика комиссиясига 684 та ҳужжат тақдим этилганди. Республика даражасидаги идора ва ташкилотлардан 103 та хужжат қабул қилиб олинган. 2019 йилда 290 нафар аёл мазкур нишон соҳибига айланди.
Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизматидан хабар берилишича, ғолиблар барча соҳаларда етакчи, матонатли, фидойи ва эътироф номига муносиб мўътабар аёллардир.
Кўкрак нишони билан мукофотланганларга энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти топширилади.
Танланган номзодларнинг 84 нафари Республика идоралари ва ташкилотлари тавсияси асосида, 3 нафари - хотин-қизлар тизимида намунали фаолият олиб бораётган, 9 нафари - “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари, 44 нафари - таълим тизимидаги фидоий устозлар, 25 нафари - соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, 53 - нафари меҳнат фахрийлари, кекса онахонлар, 5 нафари - ибратли фарзандлар оналари, 5 нафари - мактабгача таълим тарбиячилари ва 19 нафари - хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар.
Шунингдек, номзодларнинг 17 нафари МФЙ раислари, 11 нафари тадбиркор аёллар ва 11 нафари фермерлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган ибратли аёллардир.
Шуниси диққатга сазоворки, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига муносиб кўрилганлар орасида Бахтинисо Маҳмудова номи ҳам бор. Kun.uz'да у ҳақида қатор мақолалар тақдим этилган.
Бахтинисо Маҳмудова Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида 1993 йил 31 октябрда дунёга келган, ўзбек шеъриятида порлаётган иқтидорли шоира қиз эди. У 2010-2011 йилларда орқа мияда қисилиш борлиги сабабли 4 марта мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказган. Республика Нейрохирургия институтида сўнгги кўрикдан ўтганида, орқа миядаги киста катталашаётгани туфайли шошилинч тарзда жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлиги, бу амалиёт Ўзбекистонда амалга оширилмаслиги боис, бемор Туркия, Россия ёки Ҳиндистонга бориши талаб этилар эди. Бахтинисонинг даволаниши учун ўзбекистонликлар томонидан зарур маблағ йиғилди. 2018 йил 17 декабрда Туркиянинг Анқара шаҳрига бориб, 2019 йилнинг 3 январида жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли чиққани ҳақида маълум қилган. Бироқ кўп ўтмай, Бахтинисо ҳаётдан кўз юмди.