Жамият | 19:50 / 05.03.2019
41921
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги мактаб-интернат иши: 8 йилга қамалган директор суд залидан озодликка чиқарилди, лекин у оқланмаган

2018 йилнинг июль ойида ОАВда Самарқанддаги 64-махсус мактаб-интернати билан боғлиқ материаллар эълон қилингач, қисқа вақт ичида прокуратура томонидан мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов, тарбиячилар Ш.Очилов ва З.Салимовга нисбатан турли айбловлар эълон қилинган эди.

2018 йил декабрь ойида Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ҳукмига кўра, Шуҳрат Садинов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-, 110-, 167- ва 206-моддаларининг тегишли бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Шундан сўнг, адвокатлар биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция шикояти киритишган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида узоқ давом этган апелляция суд мажлисларида иш янгидан ўрганиб чиқилди, гувоҳлар, жабрланувчилар ва судланувчилар бошқатдан сўроқ қилинди, адвокатлар томонидан иш бўйича янги далиллар тақдим этилди. 

Kun.uz мухбири хабар қилишича, суд мажлисларида сўралган ва кўрсатма берган барча жабрланувчилар судланувчиларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдиргач, бугун — 2019 йил 5 март куни ЖИБ Самарқанд вилоят суди судьяси Ў.Мамадалиев томонидан ўқиб эшиттирилган ажримга кўра, 64-ихтисослаштирилган мактаб-интернат собиқ директори Шуҳрат Садинов суд залидан озодликка чиқарилди.

Шунингдек, мазкур иш юзасидан олдинги суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этилган Ш.Очилов ва З.Салимов ҳам енгилроқ жазо тайинланиб, озодликка чиқарилди.

Кўчада Шуҳрат Садиновни ва ишнинг бошқа иштирокчиларини унинг яқинлари ҳамда унинг озодликка чиқарилишида фаоллик кўрсатган журналистлар олқишлар билан кутиб олишган.

Бош прокуратура матбуот хизмати аниқлик киритишича, судланувчилар оқланмаган, уларга  Шуҳрат Садиновга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган, унинг ходимларига эса бу муддат 4,5 йил этиб белгиланган.

Мавзуга оид