Жамият | 20:35 / 07.03.2019
25241
4 дақиқада ўқилади

Ўртабўзда одамлар яшаётган уйлар тортиб олинадими: Жомбойдаги аҳолиси жонсарак бир қишлоқ муаммоси

Жомбой туманининг Ўртабўз маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Kun.uz мухбирлари мурожаатни жойига чиқиб ўрганди.

Маҳалла аҳли ўрмон хўжалигига тегишли ерда барпо этилган уй-жойларни Президентнинг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сонли фармонига кўра ҳужжатлаштириб беришни сўрашган.

Бизга шу жойда истиқомат қилаётган 100дан ортиқ кишининг айрим вакилларига микрофон тутдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Уларнинг айтишларича, бу уй-жойларни улар 2006 йилларда ўрмон хўжалигида ишлашгани учун қарор асосида қўлга киритишган. Бунинг учун тўлов ҳам қилишган. Уларнинг кўпчилиги ўша вақтда уй-жой қуришга имконияти бўлмагани учун кейинчалик уй кўтаришган.

Энди эса вазият жиддий, мутасаддилар келиб, уй-жойлар бузилиши ҳақида огоҳлантириб кетишмоқда.

Жомбой туман ҳокими Умид Назаровнинг Kun.uz мухбирига билдиришича, мазкур ер Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси балансида бўлиб, унинг ери аҳоли томонидан ноқонуний эгаллаб олинган. Ерни эгаллаганлар орасида нафақат жомбойликлар, балки Самарқанд вилоятининг бошқа туманидан келган оилалар ҳам бор.

Аҳолининг мутасаддилар томонидан электр линияси ва газ тармоғидан узиб қўйилаётгани ҳақидаги эътирозларини туман ҳокими қуйидагича изоҳлади.

«Бу линиялар лойиҳалаштирилиб ўтказилиши керак. Ер ноқонуний эгаллангани боис, фуқароларнинг ўзлари ўзбошимчалик билан газ ва свет тортиб олишган. Тўғри, ер солиғини, свет ва газга мунтазам пул тўлаётган бўлиши мумкин, бироқ барчаси ҳужжат асосида бўлиши керак. Хавфсизлик техникасига мутлақо жавоб бермайди. Худо кўрсатмасин, бирор бахтсиз ҳодиса рўй берадиган бўлса, ким жавоб беради?» — дейди ҳоким.

«Ер Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси балансида бўлгани учун биз ўз ҳолимизча буни фуқароларга расмийлаштириб бера олмаймиз. Вазият ўта жиддий. Аввал Вазирлар Маҳкамасининг ерни бизнинг балансимизга қайтариш бўйича қарори қабул қилиниши керак», — дея қўшимча қилади у.

Хўп, ер ўрмон хўжалиги ўрнида бўлган. Масалан, Google хариталарига мурожаат қилсак, мазкур жойнинг 2018 йил 19 августдаги аэрокосмик съёмкасига кўра, бир пайтлар ўрмон бўлган ерлар аҳоли томонидан ноқонуний эгалланиб олинган, ер ўрнида кўплаб оилалар уй кўтаришган.

Агар харита архивига қарайдиган бўлсак, энг қадимий фотосурат 2004 йилнинг 19 июнида олингани ва бу жой чиндан ҳам ўрмон бўлгани, дарахтлар қатор экилганига гувоҳ бўламиз.

Бундан кейинги туширилган сана — 2012 йилнинг декабри ва унда майдоннинг илгари дарахт экилмаган қисми ўзлаштирилган.

2014 йилнинг май ойида ҳам ўрмон хўжалигининг дарахтлари жойида турибди. Шу йилнинг август ойида туширилган суратда эса майдондаги дарахтлар кесиб ташланиб, ер уй-жой ва томорқа қилиб ўзлаштира бошланганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Фотоларга эътибор берилса, ўрмон хўжалиги дейилаётган жойда бир пайтлар теракзор бўлган. Унинг яқинидаги худди шундай теракзор ўрнидан 2014 йилда намунавий уйлар ҳам барпо этилган. Чунки, Зарафшон дарёси яқин бўлса ҳам, бу жойларга ҳозирги кунда суғориш учун сув келтириш муаммолигича қолмоқда.

Яъни, фақатгина 5 йилча муқаддам 2014 йилнинг августидан бошлаб бир пайтлар ўрмонзор бўлган ҳудуд фаол ўзлаштирила бошланган.

Ўртабўз аҳолиси бугунги кунга келиб мазкур участкаларга тош, қум, бетон ва бошқа қурилиш ашёлари тўкишган, уйлар кўтарилган, улар бузилган тақдирда ҳам энди ҳеч қачон уни аввалги кўринишига келтириб, қайтадан ўрмон қилиб бўлмаслиги ҳам кундек аён.

Kun.uz Самарқанд вилояти, Жомбой тумани ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидаги мутасаддилардан ушбу масалани жиддий ўрганиб, Ўртабўз маҳалласи аҳолисини қийнаётган муаммони беэътибор қолдирмаслигини сўрайди ва вазият кейинчалик қандай тус олишини кузатиб боради.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид