Ўзбекистон | 20:54 / 11.03.2019
3089
3 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Аккулов TUI Group раҳбарияти билан Германияда Ўзбекистонга саёҳат тарғиб қилинишига келишди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов ITB Berlin 2019 доирасида TUI Group раҳбарияти билан учрашди ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга оид келишувларга эришди. Қўмита матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Маълумот учун: TUI (Tourism Union International) 1600 саёҳат агентлиги, 380 дан ортиқ меҳмонхона, 150 та самолётга эга авиакомпания, 16 круиз кемаси, кўплаб чакана савдо дўконлари ва 70 мингга яқин ходимни ўз ичига олган жаҳоннинг етакчи сайёҳлик компанияларидан бири ҳисобланади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Абдулазиз Аккулов германиялик ҳамкорлар билан туризмдаги асосий тенденциялар ва ўзгаришлар ҳақида фикр алмашишди, соҳа ривожидаги устувор йўналишларни муҳокама қилди. Унинг сўзларига кўра, TUI Group раҳбарияти Ўзбекистонда 64 мамлакат фуқаролари учун визанинг бекор қилиниши бутун дунё туроператорлари орасида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада кучайтираётганини таъкидлаган, хусусан Германия туристик агентликларига келиб тушаётган сўровларнинг кун сайин ошиши шундан далолат бермоқда. 

Таъкидланишича, TUI Group раҳбарияти компаниянинг асосий фаолият тури сифатида соҳил бўйларида ва денгизда амалга ошириладиган саёҳатларга йўналтирилганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини Gebeco GmbH & Co. KG шўъба корхонаси орқали давом эттиришни маълум қилган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Маълумот учун: Gebeco GmbH & Co. KG шўъба корхонаси бугунги кунда Dr. Experiencing Tigges, Gebeco Country ва goXplore халқаро брендлар остида гуруҳларда тарихий-маърифий ва саргузашт-саёҳат турларини ташкиллаштиришга ихтисослашган.

Ўзбекистон томоннинг, ўз навбатида компания мижозлари кенг қамровидан (яъни йилига 27 млн сайёҳга хизмат кўрсатишидан) келиб чиқиб, унинг ахборот ресурсларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига оид маълумотларни жойлаш юзасидан билдирилган таклифи ижобий қабул қилинди. Мазкур таклиф бўйича ҳамкорликни икки хил йўналишда амалга оширишга келишилди: маълумотларни қизиқарли ва сифатли видео ҳамда матн кўринишида, шунингдек, германияликлар саёҳат учун нега айнан Ўзбекистонни танлашлари кераклигига доир саволга олинган жавоблар асосида.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид