Ўзбекистон | 01:20 / 11.03.2019
4967
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳри Жаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси аъзоси бўлди

«ITB Berlin – 2019» халқаро туристик кўргазмаси давом этмоқда. Тадбирнинг иккинчи кунида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аққулов ва Жаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси (WТCF) бош котиби ўринбосари Ли Баочун ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизматида маълум қилинди.

Учрашувда WТCF раҳбарияти томонидан Самарқанд шаҳри федерация аъзоси бўлганлиги маълум қилиниб, бу ҳақида расмий маълумот жорий йил апрель ойида тақдим қилиниши айтилди. 2019 йилнинг сентябр ойида Хельсинки шаҳрида WТCF’нинг навбатдаги чиқиш саммитида Самарқанд шаҳрининг ушбу федерациянинг тўлақонли аъзосига айлангани алоҳида эътироф этилади.

Расмий учрашувда Ўзбекистон делегацияси томонидан келгусида WТCF’нинг ҳудудий тадбирларини юртимиздаги тарихий шаҳарлардан бирида ўтказиш, шунингдек, келажакда Самарқанд шаҳрида WТCF’нинг йиллик саммитини ҳам ўтказиш юзасидан таклифлар билдирилди. Ўз ўрнида федерация томонидан билдирилган таклифлар юзасидан батафсил маълумотлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига қўшимча маълум қилиниши айтилди.

Эслатиб ўтамиз: 2018 йилнинг 7-9 сентябрь кунлари Хитойнинг Синдао шаҳрида ташкил этилган «Fragrant Hills Tourism Summit 2018» туризм саммитида Ўзбекистон шаҳарларини Федерация таркибига киритиш ва WТCF’нинг чиқиш саммитини Самарқандда ўтказиш масалалари билан Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Нуруллаев иштирок иштирок этган эди.

Маълумот учун: 2012 йилда Хитой ҳукумати ташаббуси билан Пекин шаҳрида дунёнинг етакчи сайёҳлик шаҳарларининг ҳамкорлигини янада яхшилаш ва хорижий ташкилотлар ўртасида тажриба алмашинувини кучайтириш мақсадида Жаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси (WТCF) ташкил этилган. WТCF бугунги кунда 5 та қитъадаги 69 та мамлакатни қамраб олган бўлиб, 211 та аъзоси бўлган тўлиқ халқаро туризм ташкилоти ҳисобланади. Федерация таркибига 140 та шаҳар, 71 та ташкилот ва 6 та филиал киради. Шу билан бирга, федерация кетма-кет тўрт йилдан бери ITB Berlin кўргазмасининг асосий ташкилотчиларидан бири сифатида иштирок этиб келмоқда.

Шу ўринда, бу каби халқаро ташкилотларда бошқа тарихий шаҳарларимизнинг аъзо бўлиши ва ҳамкорликнинг яқиндан йўлга қўйилиши мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятининг кенг тарғиб қилинишига ва илғор шаҳарлар тажрибасидан ўз вақтида ва самарали фойдаланиб борилишига замин яратади.

Мавзуга оид