Ўзбекистон | 21:00 / 12.03.2019
3127
2 дақиқада ўқилади

2020 йилда Ўзбекистонда спортчиларнинг натижаларини яхшилаш учун хизмат қилувчи Илмий тадқиқот маркази очилади

Бугунги кунда Ўзбекистонда барча соҳаларда инновацияларга катта эътибор қаратилмоқда. AIBA ва FIFA каби жаҳонга машҳур ташкилотлар ўз фаолиятини ривожлантиришда илмий тадқиқотларга алоҳида аҳамият бермоқда, яъни ғалабага эришиш учун қандай йўл тутган маъқул, нималарга аҳамият қаратиш керак ва ҳ.к. Жаҳон банки сўнгги вақтларда айнан спортда илм-фаннинг ўрнини оширишга инвестиция киритмоқда. Хўш, Ўзбекистонда спортда илм фаннинг тутган ўрни қай даражада? Ўзбекистон спортни ривожлантиришда илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик қиладими? Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Humo Arena очилиши олдидан ўтказилган медиа-ивент доирасида Kun.uz мухбирининг шу ҳақидаги саволига жавоб берди.

"Президентимиз Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил қилиш жараёнида спорт соҳасидаги энг муаммоли нуқталар - илмий тадқиқотлар, методика, спортчиларни тайёрлашга янгича ёндашувларга алоҳида эътибор қаратганлар. Спортни ривожлантиришга доир беш йиллик дастурга асосан, жорий йилдан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт университети қошида махсус Илмий тадқиқот маркази ташкил қилинади", - дейди вазир.

Дилмурод Набиевнинг сўзларига кўра, яқинда Ўзбекистон делегацияси Хитой давлатининг шунга доир тажрибаси билан яқиндан танишиб қайтган. Эндиликда хитойлик мутахассислар Ўзбекистонга таклиф этилади ва Илмий тадқиқот марказининг ичидаги жиҳозларидан тортиб то норматив-ҳуқуқий ҳужжатларгача улар билан бирга тузилади.

"Илмий тадқиқот маркази 2020 йилдан ўз фаолиятини бошлайди. Ўйлайманки, бу келажакда ўз самарасини беради, зеро бунда спортчиларни тайёрлашда дунёда энг кенг тарқалган ва яхши натижаларни қайд этаётган услублар қўлланади", - таъкидлайди у.

Энг яхши натижа берган илмий тадқиқотлар келгусида федерациялар ва спортчиларни тайёрлаш жараёнларига татбиқ этилади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид