Ўзбекистон | 00:35 / 12.03.2019
4684
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Испаниянинг Paradores меҳмонхоналар тармоғи тажрибаси татбиқ қилинади

Фото: Пресс-служба Госкомтуризма Республики Узбекистан

Германияда ўтказилган ITB Berlin – 2019 кўргазмаси доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз Аккулов ва Испаниянинг Севилья шаҳри мэри Хуан Эспадас ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Қўмита матбуот хизматидан хабар берилишича, учрашувда маданий мерос объектларини асраш масалалари ҳамда бу борада Испаниянинг машҳур Paradores меҳмонхоналар тармоғининг кўп йиллик тажрибаси ҳақида сўз юритилди.

Севилья мэри Ўзбекистон томоннинг Paradores меҳмонхоналарининг бошқарув тизими ҳамда уларда яшаш давомида маданий мерос объектларини асраш хусусиятлари билан танишишга оид таклифига ижобий жавоб берди.

Маълумот учун: Paradores de Turismo de España - 1928 йилда Испания қироли Альфонсо XIII томонидан туризмни тарғиб қилиш мақсадларида асос солинган люкс меҳмонхоналар тармоғи. Бу давлат меҳмонхоналар тармоғи йилига 281 миллион доллар даромад кўради, у ерда 4000 ходим фаолият юритади. Тармоқ тарихий саройлар, қасрлар, қалъалар, ибодатхоналар ва бошқа объектлар базасида яратилган.

Фото: Пресс-служба Госкомтуризма Республики Узбекистан

Бугунга келиб Испанияда машҳур маданий мерос объектлари базасида яратилган 90 га яқин Paradores меҳмонхоналари фаолият юритади. Шуниси диққатга сазоворки, ушбу меҳмонхоналар фаолияти натижасида маданий мерос объектлари яхши ҳолатда сақланиб келади, улардан тушган даромад эвазига эса Испаниянинг бошқа туристик объектлари реставрацияси амалга оширилади. Таъкидлаш жоизки, бундай меҳмонхоналарнинг ўзига хос муҳити тобора кўпроқ сайёҳларни жалб қилмоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид