Жаҳон | 08:06 / 20.03.2019
23797
2 дақиқада ўқилади

Австралия бош вазири Эрдўғаннинг сўзларидан кейин Туркия элчисини чақиртирди

Фото: DPA/REUTERS

Австралия бош вазири Скотт Моррисон Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған “исломга қарши қарашларга эга австралияликлар” номига кескин сўзлар айтгандан кейин Туркия элчисини чақиртирди. Бу ҳақда SBS телеканали хабар берди.

Маълум қилинишича, Эрдўған Туркиянинг Эрагли шаҳридаги митингда Янги Зеландиядаги масжидларга қилинган ҳужумга изоҳ бериб, исломни қораловчи австралияликлар ҳақида салбий фикрлар билдирган. Унинг таъкидлашича, бундай одамлар яхшиси Туркияга келмагани маъқул, акс ҳолда улар нохуш оқибатларга дуч келишади. Эрдўған, шунингдек, Биринчи жаҳон уруши вақтида Чанаккаледаги (Галлиполи) жангда австралиялик ва янги зеландиялик ҳарбийлар иштирок этганини эслаб ўтган.

“Бу сўзлар жуда ҳақоратли. Президент Эрдўғаннинг изоҳларини Камол Отатуркнинг Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлган австралиялик ҳарбийлар ҳақидаги сўзларига кескин зид, деб ҳисоблайман.  Бундан ташқари, мен бундай сўзларни қонунбузарлик, деб ҳисоблайман”, деб айтган Моррисон. У Туркиянинг бундай кескин муносабатига қарамай, Канберра ўзининг сабр-тоқатлилик ва кўп маданиятли жамиятни ривожлантириш тамойилларидан оғишмаслиги ва минтақада хавфсизлик учун курашишни давом эттиришини айтган.

Мавзуга оид