Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этиляпти
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва уни шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган Ўзбекистон Республикасининг ТИФ ТН коди 07 ва 08 бўлган товар гуруҳлари бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишдан тушган божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) суммасининг 10 фоизига тенг ажратмалар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги қошидаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази” давлат унитар корхонасининг очиқ савдоларида сотилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бошланғич баҳосидан ошган сумманинг 50 фоизи;
халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг кредитлари (қарз маблағлари) ва грантлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
Белгилаб қўйилишича, Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун сарфланади:
боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини барқарор ривожлантиришни таъминлашга қаратилган мақсадли комплекс дастурларни амалга ошириш;
боғларда ва иссиқхоналарда ирригация тадбирларини ўтказиш, жумладан, сув етказиб бериш, артезиан қудуқлари, қудуқлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос ва қувурлар, сув сақлаш учун сиғимлар харид қилиш;
Агентлик моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жумладан, Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш, хусусан устамалар тўлаш;
боғдорчилик соҳасига хорижий мутахассислар ва консультантларни жалб этиш, шунингдек, Агентлик ходимлари, боғбонлар ва иссиқхона хўжаликлари эгаларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирлар.
Белгиланишича:
а) янги ташкил этиладиган боғлар ва иссиқхона хўжаликлари учун 50 ва ундан юқори балл бонитетига эга бўлган суғориладиган ер майдонларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
б) томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилган янги ташкил этиладиган боғлар ва иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғарма ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қуйидагилар учун субсидия ажратиш орқали амалга оширилади:
бир гектар экин майдонига юқорида кўрсатилган сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишга 6 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда;
майдони 35 гектардан зиёд боғларда сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуришга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда;
в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кичик тадбиркорлик субъектларига интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш учун тижорат банклари кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, аммо 5 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдордаги маблағга кафиллик беради.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан субсидияларнинг бошқа суммалари ҳамда боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини молиялаштиришнинг қўшимча йўналишлари белгиланиши мумкин.
Мавзуга оид
17:23 / 15.10.2024
Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
07:16 / 20.08.2024
Саноатни бошқаришнинг вертикал тизими жорий этилади
07:40 / 17.08.2024