Жамият | 21:58 / 22.03.2019
6493
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида "Рақамли технологиялар маркази" очилди

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

22 март куни "Ўзбектелеком" АК Сирдарё вилоят филиали Мирзаобод тумани телекоммуникация боғламаси маъмурий биносида "Рақамли технологиялар маркази" очилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди

Вазирлик қисқа фурсатда Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Рақамли технологиялар ва IT-тадбиркорлик ўқув марказини очиш бўйича ташкилий чоралар кўриб, уни замонавий компьютерлар ва зарур жиҳозлар билан таъминлади. Ушбу марказнинг Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари доирасида очилиши Сирдарё вилояти ёшларига муносиб байрам туҳфаси бўлди.

"Рақамли технологиялар маркази" Сирдарё вилоятининг шаҳар ва туманларда очиладиган марказлар ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси асосида ташкил этилаётган Технопарк ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. 

Унда ёшларга ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт асослари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик йўналишида ўқув курслари ташкил этилади. Ушбу марказда уч ёш тоифасида, яъни 9-15, 16-19 ҳамда 20-25 ёшдаги таълим олувчилар босқичма-босқич ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида малакали мутахассислар сифатида тайёрланади.

Шунингдек, марказда ёшларни компьютер спортига (киберспортга) жалб қилиш, киберспорт қоидаларини ўргатиш, турли ўйинлар бўйича гуруҳларни шакллантириш, жамоавий ўйинлар амалиётини ташкил этиш, республика миқёсида мусобақалар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

“Рақамли технологиялар маркази”нинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Мавзуга оид