Kun.uz сайтига турли туман мазмундаги мурожаатлар, таклиф ва фикр-мулоҳазалар келиб туради. Дониёр Каримов исмли муштарий йўллаган таклиф бир қарашда ўринсиз туйилади. Аммо юзага келаётган вазият, жаҳон тажрибаси ўрганилганда бу фикрда ҳам жон борлиги аён бўлади.
«Сизлардан пойтахтда эрталаб ва кечки пайт автотранспортлар тирбандлиги олдини олиш мақсадида берилган таклифни ўрганишни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВга етказишингизни сўрайман.
Олдин ҳам бу мавзуда илтимос қилгандим, лекин эътиборсиз қолди. Таклифим шуки, ҳафтанинг 5 куни, яъни душанба-жума кунлари, эрталаб соат 07:00-09:00 оралиғида ва кечки соат 18:00дан соат 20:00гача Тошкент шаҳри ичида юк машиналари ҳаракати тақиқлаб қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Масала нақадар мураккаблигига ишонч ҳосил қилиш учун эрталаб Оҳангарон шоссесидан пойтахтга киришдаги «Роҳат» айланасида жуда кўп юк машиналар ҳаракатланаётганига, тирбандлик ниҳоятда ортиб кетишига гувоҳ бўласиз. Сизлардан илтимос, шу мавзуни ўрганиб чиқсангиз».
Бу таклиф ўринсиз ва иложсиздек туюлади. Сабаби оддий, Тошкент улкан шаҳар, қон томиридек йўллар орқали мунтазам таъминот йўлга қўйилган, юк машиналар озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериб туриши керак. Қолаверса, пойтахт улкан қурилиш майдонига айланиб қолган – қурилиш бир дақиқа ҳам тинмайдиган жараён, айниқса таклифда билдирилган чеклов вақтида айни иш қизғин бўлади.
Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Тошкент шаҳрида автомобил қатнови нафақат йилдан-йилга, балки ойдан-ойга тиғизлашиб бормоқда. Аслида бошқа вилоятлар марказларида ҳам шундай муаммо бор, лекин ҳозирча мавзуни фақат пойтахт мисолида ўрганиб турамиз.
Аслида шаҳарлардаги тирбандлик бутун дунёдаги йирик шаҳарлар муаммоси ва уларнинг ҳар бири бу масалани ўзича ечишга ҳаракат қилишади.
Келинг, бир қатор давлатлар, йирик шаҳарлар тажрибаси билан танишиб чиқамиз:
* Франция, Париж. Бу давлат ҳукумати, шаҳар раҳбариятининг аҳолини жамоат транспортидан фойдаланишга ўргатиш учун қилган оташин чорловлари фойда бермагач, масалани кескин усулда ечишга ҳаракат қилишган. Яъни, шаҳар йўлларининг ярмидан кўпи жамоат транспортига ажратилган, қолган тор қисмигина хусусий автомобилларга қолган;
* Буюк Британия, Лондон. Бу қадимий шаҳарда ҳамиша ер танқислиги муаммо бўлиб келган. Унинг йўллари ҳам эски, тор ва ҳаракатланиш ноқулай. Шаҳар маъмурияти оддий ва осон усулни йўлга қўйган – шаҳар марказига автомобилда кирдингизми, тамом, пул тўлайсиз. Ҳатто шу ҳудудда яшайдиганларга ҳам маълум миқдорда пул тўлаши шарт. Албатта, махсус техникадан ташқари айрим тоифа шахсларнинг бепул ҳаракатланиш ҳуқуқи сақланиб қолган – масалан қироличанинг;
















