Спорт | 20:00 / 25.03.2019
25993
11 дақиқада ўқилади

Дзанетти бўлолмаган Мауро. «Хоин»га айланган қаҳрамон ҳақида

Фото: Emilio Andreoli/Getty Images

Бир дўстим бор. «Интер»нинг ашаддий мухлиси. Мауро Икарди порлаб чиққанда мана, Дзанеттидан кейин энди сизларда ҳам киройи етакчи бор деганимда, Дзанетти билан Икардини таққослаш мантиқсизлик эканини айтганди. Чиндан ҳам, «Интер» мухлиси учун Дзанеттидан яхшироқ футболчи йўқ. Ахир Европага келгач, фақат «Интер»да ўйнаган, бутун фаолиятини шу клубга бағишлаган Дзанетти қаёқда-ю, дўстининг хотинини бола-чақаси билан бирга «олиб қочган» безори қаёқда, тўғрими? Лекин бу нуқтаи-назар билан қараш ҳам унчалик тўғри эмасдек.

«Интер» Мауро Икардидан сардорлик боғичини олиб қўйди. 4 йилдан буён жамоа сардори бўлиб келаётган футболчи бу қарорни ўзининг ҳамиятига тегиш деб қабул қилди. Майдондан ташқаридаги воқеалар учун футболчини бу тарзда жазолаш тўғрими? Қуйида шу ҳақда мулоҳаза юритамиз.

Аввал «Интер» мухлислари нега Икардини ёмон кўриб қолишганини эсласак. 2014 йилда Икарди Аргентина миллий терма жамоасидаги ва клубдаги дўсти Макси Лопеснинг хотини Ванда Нарага уйланди. У дўстининг хотини билан олдиндан учрашиб юргани катта можароларга сабаб бўлди. Бу воқеадан кейин Икардига футболчи сифатида эмас, бадахлоқ сифатида қарай бошлашди. Бироқ Мауро ўйиндан-ўйинга очилиб, 2014/15 йилги мавсумда 27та гол урди.

Ҳужумчининг самарадорлиги жамоа ўйинига ижобий таъсир қилаётганини сезган раҳбарият 2015 йил ёзда сардорлик боғичини 22 ёшли Икардига топширди. Бунга клубнинг мухлислари, айниқса «ультрас» аъзолари (ашаддий фанатлар гуруҳи, бундай мухлислар учун футболнинг унча қизиғи йўқ. Улар ўйинлар вақтида олов ёқиш ва жанжал чиқариш билан банд бўлишади) бундан норози бўлди. Шундай бўлса-да, клуб сардорлик боғичини Андреа Раноккиадан олиб, Икардига топширди. «Интер» афсонаси Хавьер Дзанетти 2014 йилда футболдан кетгач, сардорлик боғичини айнан Раноккиага қолдирганди.

Икарди сардор бўлгач, унинг ўйини янада очилди. Уни аста-секин яхши кўра бошлашди, лекин ҳалиги мухлис дейишга арзимайдиган тўда Икардига тош отишда давом этди. Ўйинлардан бирида Мауро гол уриб, уни нишонлаш учун мухлислар олдига югуриб борди. У ерда турган бир болакай Мауродан либосини сўрайди. Икарди либосини болакайга бериб, уни хурсанд қилади. Бироқ «ультрас» сафидан биттаси чиқиб, боланинг қўлидан Икардининг кийимини олиб, уни футболчига қараб улоқтиради. Шунда Мауро жаҳли билан ўша мухлисни сўкади.

Икарди бу воқеани ўзининг автобиографиясида келтиргач, унга бўлган норозилик янада кучайди. Стадионда ҳар хил баннерлар пайдо бўлди. Уларда футболчини ҳақорат қилишди, таҳқирлашди. Лекин Мауро голлар уришда давом этди. Айниқса Милан дербиларида Икардининг қаҳрамон бўлиши одатга айланди. Жорий мавсум аввалида ҳам «Интер» ҳамшаҳари «Милан»ни айнан Икардининг голи эвазига мағлуб этди. Ўша гол урилгач, «Интер» учун Икарди дерби тарихига кирди. Икарди Милан дербиларидаги «Интер»нинг охирги 5та голига муаллифлик қилди. Бунақасини «кўк-қоралар» тарихидаги ҳеч бир ҳужумчи эплолмаганди.

Икарди «Интер»нинг А Сериядаги рекордчиси ҳам ҳисобланади. У ўтган мавсумда Италия чемпионатида 29та гол уриб, А Серия тўпурарига айланди. Қизиғи, «Интер»нинг бирор футболчиси Италия чемпионатининг бир мавсумида ақалли 27та гол уролмаганди. 1958/59 йилги мавсумда Антонио Анжелилло Италия чемпионатида 26та гол урган ва бу натижа «Интер» футболчилари учун энг яхшиси бўлиб келаётганди. Икарди ярим асрдан ортиқ сақланиб турган рекордни янгилаб, «Интер» сардорлик боғичини бекорга тақиб юрмаганини исботлади.

«Интер» хитойлик раҳбарлар қўлига ўтгач, қанчадан-қанча юлдузларни сотиб олмади дейсиз, лекин «Ювентус», «Милан», «Наполи» каби жамоаларга қарши ўйинларда таблонинг «Интер» урган голларни ҳисоблайдиган томонида битта фамилияни кўравердик: Икарди...

Клуб унинг маошини кўтаришга ўйланиб қолди – Икарди гол уришда давом этди, мухлислар уни хоин деб атаб, баннер кўтаришди – Мауро яна гол ураверди. Унга кимсан «Реал» таклиф билан чиқди – Мауро кетишни хаёлига келтирмай, «Интер» сардори эканидан фахрланишини айтди. Икарди ўзини тарбиялаб, Европага танитган «Барселона» дарвозасига Чемпионлар Лигаси ўйинида гол урди ва бу голини эҳтирос билан нишонлади. Мауро «Мен «Интер»нинг сардориман!», деб мағрур изоҳлади бу нишонлашни.

Италия нашрлари Икарди ва унинг хотини ҳақида миш-мишлар тарқатаётганда Мауро мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлгани шарафига жамоадошларига «Ролекс» соати совға қилиб, уларни яхши кўришини айтди. Мессига ёқмагани сабаб (Лео Макси Лопеснинг дўсти. У Аргентина миллий жамоасида асосий инсон экани сир эмас) Икардини Аргентина терма жамоасига чақиришмади, лекин Мауро дунёнинг энг зўр футболчиси Месси эканини такрорлайверди, кек сақламади.

Уни алқаш учун мана шунча сабаблар бор, лекин «Интер» уни қадрлаш ўрнига сардорлик боғичини олиб қўйди.

Охирги йилларда «Интер» қайсидир футболчига бу қадар боғланиб қолганини эслайсизми? Ҳа, Дзанеттига. У клуб афсонаси, 4-рақам Дзанетти шарафига бошқа ҳеч кимга берилмайди. У замонавий футбол тарихидаги энг намунали футболчилардан бири эди. Хўш, ундан кейин «Интер» кимга боғланиб қолди? Моуриньо билан Чемпионлар Лигасини ютган футболчиларни эслайлик: асосий қаҳрамон Уэсли Снейдер. Моуриньо кетгач, захирада қолишни бошлаб, охир-оқибат Осиё турнесини бошлаб юборди. Орада «Ницца»га бориб, «дам олиб» келди. Диего Милито. ЕЧЛдаги супер мавсумдан сўнг яна бир мавсум ёрқин ўйнади ва Аргентинага кетди. Самуэль Это’О. Кейинги мавсумдаёқ «Интер»дан кетиб, ҳозиргача яна 8та жамоада ўйнашга улгурди.

Хуллас, «Интер»да бу қадар узоқ вақт юқори савияда ўйнаган футболчи кўринмаганди. Чемпионлар Лигасини ютган футболчилар, шубҳасиз, клуб учун тарих яратишган, лекин улар Икарди каби жамоага фойдали бўлишмаганини тан олиш керак. Ўша жамоанинг асосий қаҳрамони Моуриньо эди. Икарди эса де Бур каби омадсиз мураббий вақтида ҳам гол уришдан тўхтамади. Аммо «Интер» унинг қадрига етиш ўрнига жамоадан ҳайдаш пайига тушди...

Хўп, Икарди ахлоқсиздир, хўп, унинг рафиқаси ҳам ахлоқсиздир, лекин бунинг футболга нима алоқаси бор? Уэйн Рунининг хотини футболчи ҳақида шундай деганди: «У шилқимлик қилмаган дугонам қолмаган». Руни орада ичиб, қоидани бузгани учун ахлоқ тузатиш колониясида ҳам «жавлон урди», лекин «МЮ» ҳам, «Эвертон» ҳам уни бошига кўтарди. Ёки Райан Гиггзнинг қандай хунук ишлар қилганини биламиз. «МЮ» уни бемаза қилиқлари сабаб ҳайдаб солмади. «Барселона» Хавини аёлларга суяги йўқлиги сабаб сардорликдан маҳрум қилмади. Узоққа бормайлик, «Реал» Роналдуни АҚШ меҳмонхоналарида «тақиқланган йўлларга оралагани учун» жамоадан ҳайдаб солмаганди. Лекин «Интер» ўз сафидаги энг топ-футболчини қувиш пайида.

Икарди Европанинг исталган топ-клубида асосий таркибда ўйнай олади. Ҳатто «Реал»да ҳам. Бироқ «Интер» ўз таркибида қандай супер футболчи борлигини тўлиқ англамаган кўринади. Клуб футболчи атрофидаги воқеалар уларга маъқул эмаслигини ётиғи билан тушунтирганида, ҳаммаси бу қадар мураккаблашиб кетмаган бўлармиди. Бу ерда муаммо катта эҳтимол билан футболчининг агенти ва хотини Ванда Наранинг бошқа бирор клуб билан музокара олиб борганида бўлган. Лекин бундай футболчига катта клублар таклиф билан чиқиши оддий ҳол-ку?

Гапимиз қуруқ бўлмасин, Икардига расман таклиф билан чиққан жамоаларни санасак. «ПСЖ», «Наполи», «Тоттенҳэм», «Реал». «Ювентус» ҳам Икардини кўндира олмагач, Игуаинни олганди. Дунёда «Реал»га йўқ дейдиган футболчилар жуда кам. Мауро шундай буюк клубни ҳам рад этган (содир бўлаётган воқеалардан сўнг «Реал»га ҳозирча йўқ деяпти, десак тўғри бўлади). «Интер» эса ўзига бўлган садоқатни жавобсиз қолдирди.

Энди нима бўлади?

Сардорлик боғичи олиб қўйилиши дангалини айтганда, клуб футболчини ҳайдади дегани. Энди Икарди «Интер»да қолмаса керак. Катта эҳтимол билан у ёзда Миланни тарк этади. Балки «Ювентус»га борар, балки «Реал»га ўтар, балки «Барселона» уни ортга қайтарар (агар Месси рухсат берса), балки Мауро Англияга кетишга қарор қилар. Хуллас, бундай даражадаги футболчи кўчада қолмайди. Бироқ «Интер» яна Икарди даражасидаги футболчини топиши қийин бўлади. Чунки Лаутаро Мартинес каби энди порлаётган ёш футболчилар ҳам клубнинг ўз сардорига бўлган муносабатини кўриб, агентларига «Хўш, бизга қайси жамоалардан таклиф бўляпти?», деб хабар ёзиши ҳеч гап эмас. Нима бўлганда ҳам Икардининг майдонга тушмаётганидан футбол ютқазяпти. Бундай футболчилар қаҳрамон бўлишга муносиб, хоин эмас...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид