Жаҳон | 18:11 / 28.03.2019
13611
4 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Вашингтон, Калифорния, Пенсильвания ва Иллинойс штатларида Наврўз байрами кенг нишонланди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан АҚШдаги ватандошлар иштирокида қатор тадбирлар ўтказилди ҳамда уларда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб қилинди. Баҳор байрамига бағишланган тадбирлар АҚШнинг Калифорния, Вашингтон, Пенсильвания ва Иллинойс штатларида кенг нишонланди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматидан хабар берилишича, тадбирларда 5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашган, АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар, маҳаллий аҳоли, туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, Пенсильвания штати Бенсалем шаҳрида илк бор Наврўз байрамига бағишланган халқ сайли ташкил этилди. Тадбирда АҚШ Конгресси аъзоси Брайан Фицпатрик, Пенсильвания штати сенатори Жон Сабатина, Бенсалем шаҳри мери Жозеф ДиГироламо ва бошқалар барча ўзбекистонликларни Наврўзи олам билан табриклаб, мамлакатнинг бой маданияти, тарихи, урф-одатлари, анъаналари ва туризм салоҳиятини юқори баҳолашди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Иллинойс штати, Чикаго шаҳрида Наврўз таомлари ҳисобланган сумалак, кўк сомса, палов кабилар тайёрланиб, тадбир иштирокчиларга улашилди. Шунингдек, тадбир доирасида ўзбек халқ ҳунармандчилик намуналари намойиш этилди ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини акс эттирувчи тарғибот материаллари тарқатилди.

Калифорния штати, Сан-Франсиско шаҳрида Наврўз байрами давомида, Ўзбекистон миллий маданият марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир доирасида «Белбоғли миллий кураш» спорт мусобақаси турли вазн тоифаларида ташкил этилди ва маҳаллий аҳоли ўзбек маданияти, анъаналари билан яқиндан танишиш имконини берди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг гастрономик туризм имкониятларини оммалаштириш мақсадида миллий таомлар тайёрланиб, тадбир иштирокчиларига тортиқ этилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Вашингтон штатида «Сиэтл­-Тошкент» биродарлар ассоциацияси кўмагида миллий куй-қўшиқлар, рақслар, «Келин салом» намойиш этилди. Тадбир давомида Сиэтл шаҳридаги ватандошларимиз Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб этишди. Жумладан, улар тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда жорий этилган янги виза турлари (Vatandosh, Student visa, Academic visa, Medical visa, Piligrim visa) ҳақида маълумот беришди.

"Бу каби тадбирлар Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи, урф-одатлари ва анъаналари ҳамда туризм салоҳиятини АҚШ аҳолисига етказишда янги босқич сифатида хизмат қилади. Ўзбекистон равнақи учун ҳисса қўшаётган ватандошларимизга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз", - дейди Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консули Камолиддин Икромов.

"Ўзбек диаспораси томонидан ташкил этилган Наврўз байрами тадбирида иштирок этганимдан хурсандман, унда жуда мазали ўзбек таомлари тортиқ этилди, тадбир жозибали миллий куй-қўшиқлар, анъанавий спорт мусобақалари билан давом этди. Барча иштирокчилар баҳорнинг бошланишини нишонлаш учун ўз оила аъзолари билан қатнашди", - дейди Сан-Франсиско шаҳри фуқароси Патрик Вайтмен.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ўтказилган барча тадбирлар доирасида, «Ўзбекистонга саёҳат қил!» шиори остида, юртимизнинг машҳур шаҳарлари - Хива, Бухоро ва Самарқанд акс этган 1000 дан ортиқ суратлар ватандошларимизнинг автомашиналарига ёпиштирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ватандош» Ўзбек-Америка федерацияси ҳамкорлигида, 2019 йил апрель ойида АҚШда Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид