Ўзбекистон | 20:40 / 29.03.2019
48952
5 дақиқада ўқилади

Ҳужжат лойиҳаси: Ғишт, цемент, оҳак ишлаб чиқарувчиларга ва иссиқхоналарга газ етказиб бериш тўхтатилиши кўзда тутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Саноат тармоқларида ва ижтимоий соҳаларда муқобил ёқилғидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳасида олиб борилаётган ишларга қарамай, миллий иқтисодиёт энергия сиғими юқорилилигича қолаётгани, сарфланаётган ёқилғи-энергетика ресурсларини ва қайта тикланувчи манбаларни саноат ишлаб чиқаришга жалб этиш диверсификациялаш даражаси жаҳон тенденциясига жавоб бермаслиги ва бирламчи ёқилғи турларидан фойдаланишда табиий газнинг улуши юқорилигича қолаётгани қайд этилган.

«Жойларда ғишт ва цемент ишлаб чиқариш заводлари, оҳак ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда иссиқхона хўжаликларини муқобил ёқилғи турларига мослаштириш ишлари етарлик даражада ташкил этилмаган. Таҳлиллардан кўринадики, муқобил ёқилғи турларига ўтказиш бўйича топшириқларнинг бажарилишида қолоқликлар кузатилмоқда, жумладан, ғишт ишлаб чиқарувчи заводларнинг 33 фоизи, оҳак ишлаб чиқариш корхоналарининг 0,5 фоизи кўмир ёқилғисига мослаштирилган холос. Ўз навбатида ҳисоб-китоблар, ғишт ишлаб чиқариш заводларини табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказилиши 1520,0 млн.куб м, оҳак ишлаб чиқариш корхоналари эса 668 млн.куб м табиий газ тежалишини кўрсатмоқда», дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Вазирлар Маҳкамаси қарор ушбу ҳужжатни қайта ишлаб чиқарилмайдиган углеводород ресурсларидан ва муқобил ёқилғи турларидан унумли ва самарали фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишни кенгайтириш, шу йўналишда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли томонидан барқарор энергия сарфи тизимини тузиш, иқтисодий ривожланган давлатлар тажрибасига асосланган холда, иқтисодиёт энергия сиғими камайтириш, ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида қабул қилган.

Энергия сарфини қисқартириш соҳасида устувор йўналишлар деб қуйидагилар белгиланган:

  • иқтисодиёт тармоқларида табиий газнинг қозон ва ўчоқ ёқилғи тури сифатида фойдаланишида улушини қисқартириш;
  • фаолият кўрсатаётган ва янги тузилаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, энерегия самарадор ва энергия тежамкор технологиялар билан янгилаш ҳисобига ишлаб чиқарилаётган маҳсулот энергия сиғимини камайтириш;
  • қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иссиқхона хўжаликларининг қозон ускуналарини табиий газдан бошқа муқобил ёқилғи турларидан (кўмир, кўмир ва ёғоч брикетлари ва паллетлар, биогаз ва бошқалар) фойдаланишга ўтказиш;
  • қуёш ва шамол энергиясидан, биогаз, тупроқ энергияси ва бошқа қайта тикланадиган энергия манбаларидан, уларни ишлаб чиқарувчи юқори технологиялар ва ускуналардан кенг фойдаланиш (қуёш ва геотермал энергия, шамол энергетикаси ва биоэнергетика қурилмалари, иссиқлик насослари ва бошқалар);
  • муқобил ёқилғида ишлайдиган замонавий турдаги энергиятежамкор ускуна турларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш.

Ғишт ва цемент заводларини, оҳак тайёрлаш қурилмаларини, ташкилотлар қозонхоналарини ва иссиқхона хўжаликларини муқобил ёқилғи турларига ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилади.

Энергетика вазири Алишер Султонов бошчилигидаги комиссия юқорида келтирилган турдаги объектлар 2019 йил 1 июнига қадар муқобил ёқилғи турларига ўтказилиши юзасидан инвентаризациядан ўтказилиши ва рўйхатини тузилишини, ташкилотлар объектларни муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишга ўтказиш ва 2019 йил охиригача амалга оширилишини таъминловчи тармоқ жадваллари тузилишини, 2019 йил 1 июнига қадар энергия самарасиз ва энергия сиғими юқори бўлган қозонхона ускуналари рўйхатини тузиш ва тасдиқлашни ҳамда 2019 йил охиригача уларни эксплутациядан чиқариш ва ушбу рўйхатдаги ускуналарни ишлатаётган ташкилотларга табиий газ таъминотини тўхтатиш чоралари кўрилишини таъминлайди.

Агар мазкур ҳужжат кучга кирса, «Ўзнефтгазинспекция», «Ўзэнергоинспекция», «Ўзтрансгаз» АЖ 2020 йил 1 январдан бошлаб обеъктларни муқобил ёқилғи турларига ўтказиш бўйича чора-тадбирларни бажармаган ташкилотларга табиий газ етказиб беришни тўхтатади.

Корхоналарга 2019 йил 1 февралдан «Ўзтрансгаз» АЖ тақдим қиладиган табиий газ тармоқларига уланиш бўйича техник шартлар, янги қурилаётган ва фаолият кўрсатаётган объектлар учун, «Ўзнефтгазинспекция»нинг энергиятежамкор ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланганлиги бўйича ижобий хулосаси асосида беради.

Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида Президент «Ўзбеккўмир»ни Россиянинг хусусий компанияси бошқарувига топшириш ҳақидаги қарорини имзолаганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид