Ўзбекистон | 01:16 / 29.03.2019
3848
3 дақиқада ўқилади

«Ипак йўли» халқаро туризм университети Дрезден амалий фанлар университети билан ҳамкорлик қилади

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида очилган «Ипак йўли» халқаро туризм университети ривожланган давлатларнинг туризм соҳасидаги етакчи таълим муассасалари тажрибасини жорий қилиш мақсадида улар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга доир ишларни олиб бормоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилларининг Германияга ташрифи доирасида «Ипак йўли» туризм халқаро университети ва Дрезден амалий фанлар университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматидан хабар берилишича, имзоланган Ҳамкорлик меморандуми туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ўзаро амалий тажриба алмашиш ҳамда ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни кўзда тутади.

«Германияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш, қўшма тадқиқотларда иштирок этиш ҳамда талабалар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларида германияликлар «Ипак йўли» халқаро туризм университети билан ҳамкорлик қилишга тайёр» – дейди Дрезден амалий фанлар университети ректори Кристоф Шолс.

Дрезден амалий фанлар университети талабалари билан ўтказилган учрашувда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи У. Саидов Ўзбекистонда туризм соҳасида бўлаётган ўзгаришлар, Европа мамлакатлари фуқаролари учун виза режимининг соддалаштирилиши ва бекор қилиниши, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой маданияти ва тарихи ҳамда ёшлар туризмини ривожлантириш, инвестиция киритиш учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Учрашув охирида Дрезден амалий фанлар университети талабалари Ўзбекистондаги туризмнинг янги йўналишлари, жумладан, тоғ, экстремал ва ёшлар туризмига катта қизиқиш билдиришди. Шу билан бирга, улар Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш ва туризмни ривожлантиришга доир амалий таклифларини илгари суришди. Талабалар таътил давомида Ўзбекистонга ташриф буюриш истаклари борлигини таъкидлашди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид