Жаҳон | 22:39 / 01.04.2019
11362
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Brexit сабабли 114 миллиард доллар йўқотди

Буюк Британия иқтисодиётининг Европа Иттифоқидан чиқишдан йўқотишлари айни вақтга келиб 87 млрд фунт стерлингни (114 млрд доллардан кўпроқ) ташкил қилмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Goldman Sachs банкининг лондонлик таҳлилчилари томонидан тарқатилган ҳисоботда айтилган.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича 2016 йил июнда ўтган референдумдан бошлаб мамлакат ўз фуқаролари қилган танлов сабабли ҳар ҳафта 600 млн фунт стерлинг (787 млн доллар) йўқотиб келган. 

Маълум қилинишича, айни вақтда Британия ялпи ички маҳсулоти 2016 йилдаги референдумда мамлакат ЕИда қолишга қарор қилиши шартида ҳисоблаб чиқилган кўрсаткичдан тахминан 2,4 фоизга камдир.     

“Асосий йўқотишлар инвестициялар ва истеъмолчилик харажатлари соҳаларида мужассамлашмоқда”, деб айтган Goldman Sachs иқтисодиётчиси Свен Яри Стен.

АҚШ банки мутахассислари фикрича, агар Британия ЕИдан келишувсиз чиқса, бу фунт стерлинг курси пасайиши сабабли янада кўпроқ йўқотишларга олиб келади. Агар мамлакат Европа иттифоқида қолишни истаса, унда иқтисодиёти ўсиши тезлашиб, етказилган зарарни қоплаб юборади.  

Британия ҳукумати охирги ҳафталарда Brexit бўйича қонун лойиҳасини 3 марта овозга қўйган, бироқ парламент 3 марта ҳам уни қабул қилмаган. 

Европа Иттифоқи Brexit’ни 12 апрелгача қолдиришга қарор қилган. Агар Британия ҳукумати аниқ Brexit жараёни бўйича келиша олмаса, унда Британия шу куни ЕИни бирор-бир келишувсиз тарк этади.

Мавзуга оид