Жамият | 15:59 / 04.04.2019
11076
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги йўлларда реклама устунлари ўрнатилишини тақиқлаш таклиф этиляпти

Фото: 123RF

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Тошкент шаҳри автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ҳақида петиция эълон қилинган.

Қайд этилишича, кундан кунга Тошкент шаҳрида транспорт воситалари, автомобиллар кўпайиб, бунда ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчиларидан диққат-эътибор талаб этилади. 

“Ҳозирги кунда барча чорраҳаларда турли реклама устунлари кўпайиб кетган. Бу реклама устунларининг ўрнатилиши йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳайдовчилар ва пиёда йўловчилар реклама эълонларига эмас, балки светофор ва йўл белгиларига эътибор бериши зарур деб ҳисоблаймиз”, - дейилади мурожаатда. 

Билдирилишича, Тошкент шаҳрининг айрим чорраҳаларида 10-12та реклама устунлари ўрнатилган ва бу чорраҳаларда йўл белгилари ҳамда светофорни қидириб топиш қийин бўлиб, авариявий ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

“Шу боисдан, ушбу масалани тегишлича ўрганиб, чорраҳалардаги ва уларга 50 метр масофадаги реклама устунларининг ўрнатилишини тақиқлаш бўйича тегишли қарор чиқариш зарур, деб ҳисоблаймиз”, - деб ёзади петиция муаллифи. 

Таъкидланишича, бу ишларнинг назоратини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигига юклатиш зарур.

Бундан олдин, жамиятда фоҳишабозликка қарши қатъий чоралар кўриш таклиф этилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид