Алишер Султонов нефть-газ соҳасининг бўлғуси мутахассислари билан учрашди
6 апрель куни Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиалида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов ва «Ўзбекнефтегаз» АЖ раҳбариятининг талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Тадбир давомида 2007 йилдан буён филиалнинг талабалари ва профессор-ўқитувчилари, шунингдек айрим талабалар томонидан олиб борилган илмий тадқиқот ишлари тақдим этилди. Ушбу қисқа тақдимотлар шундан далолат берадики, филиал талабалари илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги бевосита алоқанинг юксак салоҳиятидан яхши хабардор ва умуман, маҳаллий нефть ва газ саноатини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришда илмий тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этишини яхши тушунишади ва шу асосда илмий ишлар олиб боришмоқда.
Ёш мутахассислар тайёрлаш учун тегишли шароитларни яратиш ва бу борада таълим сифатига эътибор қаратиш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 3 апрелида соҳага оид чора-тадбирларни такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда таъкидланган эди. Жумладан, давлат раҳбари кенг миқёсда фикрлайдиган, ташаббускор ёшларнинг мутоалаа маданияти, IT бўйича билимларини ошириш, ёшлар томонидан компьютер дастурларини яратиш ва бу борада уларнинг қизиқишларини рағбатлантириш, уларни маданият ва санъатга, жисмоний тарбия ва спортга жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаган эди.
Шу билан бирга, замонавий фикрловчи ёш авлодни вояга етказишда илғор ва инновацион воситалардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилган эди.
Таъкидлаш жоизки, Губкин номидаги РДУ филиалида илмий тадқиқот ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда ва бир қанча талабалар бу борада сезиларли натижаларга эришишган. Халқаро интернет-олимпиадаларда тошкентлик "губкинчилар"нинг кўплаб ғалабаларни қўлга киритгани ҳам бу ерда таълим сифати қандай даражада эканини тасдиқлайди.
Филиал шунингдек, Федерал интернет тести ўтказиш учун платформа ҳисобланиб, бу борада унга 2018 йилнинг 29 декабрда "ФИЭБ таянч майдончаси (бакалавр битирувчилари учун Федерал интернет тест) - 2019" расмий мақоми берилган.
Йиғилиш қатнашчилари Ўзбекистон Республикасининг олий таълим тизимида инновациялар узлуксиз жорий этилаётгани ва у таьлимнинг узвий жараёнига айланиб бораётганини бир неча бор таъкидлашди. Бутун мамлакат миқёсида инновацион йўналтирилган иқтисодиётни яратиш, инновацияларни кенг жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш борасида кўп қиррали ишлар олиб борилаётгани ва бу борада сезиларли ривожланишга эришилгани ҳам қайд этилди. Бунда "таълим - фан - ишлаб чиқариш" занжирига асосий эътибор қаратилмоқда.
Қайд этиш керакки, филиал талабалари сони 2018-2019 ўқув йилида 935 нафарни ташкил қилади. Университетда 65 нафар ўқитувчи ишласа, уларнинг 16 фоизи фан доктори, 45 фоизи эса фан номзодидир. Бугунги кунда филиал битирувчиларидан 117 нафари хорижий олий ўқув юртларда ўқишларини давом эттирмоқдалар.
Мавзуга оид
21:50 / 18.05.2023
Алишер Султонов президент маслаҳатчиси этиб тайинланди
18:01 / 07.04.2022
Алишер Султонов вазирликдан кетди
14:02 / 08.02.2022
Ўзбекистонда Volkswagen электромобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин
12:59 / 06.09.2021