Жаҳон | 23:00 / 10.04.2019
12638
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Истанбулдаги сайловлар натижаларининг бекор қилинишини талаб қилди

Фото: Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулдаги сайловлардаги қоидабузарликлар натижаларнинг бекор қилинишига олиб келиши кераклигини айтди. У бу ҳақда Sabah нашрига берган интервьюсида айтган.

31 мартда ўтган маҳаллий сайловлар натижаларига кўра, Туркиянинг энг йирик шаҳри ҳисобланган Истанбулнинг янги мэри мухолиф Республика халқ партияси вакили Акром Имомўғлу бўлган.

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлунинг таъкидлашича, Истанбулда яна бир сайловларнинг ўтказилиши шубҳаларни йўққа чиқаришга имкон беради. Ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси янги сайлов ўтказилишини талаб қилмоқчи. Сайлов комиссияси партиянинг Истанбулнинг 31 та туманидаги барча овозларни қайта ҳисоблаб чиқиш талабини рад этган ва фақатгина 21 та тумандаги 51 та сайлов қутисини текширишга рози бўлган. 

Эрдўғаннинг таъкидлашича, сайловларга “уюшган жиноятчилик” аралашган. Унинг партиясида сайлов қутиларига жавобгар амалдорлар ноқонуний белгиланган, деб ҳисобланмоқда. 

Ўз навбатида Республика халқ партияси вакили Фаиқ Ўзтрак Эрдўған партиясини ноқонуний ҳаракатларда айблаган.

“Тинимсиз шикоят қилмоқдасиз ва бу икки нарса ҳақида гапиради. Ёки сиз сайловлардан ҳам ўта олмайдиган даражада нокомпетентсиз, ёки мағлубиятни қабул қила олмайдиган омадсизсиз”, деб айтган Ўзтрак.

Агар Эрдўған партияси талаби қондирилса, унда Истанбулдаги янги сайловлар 2 июнда бўлиб ўтади.

31 мартдаги сайловларга кўра, Эрдўған партияси пойтахт Анқара устидан назоратни ҳам бой берган. Анқарага Республика халқ партиясидан Мансур Явош мэр этиб сайланган. Анқара бой берилгандан кейин Измир, Анталия, Адана шаҳарлари ҳам турк мухолифати назоратига ўтгани ҳақида хабарлар берила бошланган.

Мавзуга оид