Жамият | 00:26 / 13.04.2019
6905
2 дақиқада ўқилади

Тошкент  вилоятида Президент томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг намунавий ижроси татбиқ этилмоқда

Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг намунавий ижроси Тошкент  вилоятининг Бўка туманида татбиқ этилмоқда. Ҳар бир ташаббуснинг самарали татбиқ этилишига доир чора-тадбирлар белгилаб олиниб, 12 апрель куни Бўка тумани катта ислоҳотлар масканига айланди. Kun.uz мухбири вилоят ҳокимлиги вакилларидан олинган маълумотлар асосида шу ҳақида хабар берди.

Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси  Танзила Норбоева масъуллар билан  Бўка туманида ислоҳотларни жадаллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилаб олишди.

Танзила Норбоева тумандаги "Бўстон", "Чавлисой" маҳаллаларида бўлиб, янги ташкил этилаётган тикувчилик цехлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш орқали 1000 нафар хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга тикув машиналари ҳадя қилди, бу аёлларнинг касаначилик асосида бандликлари  таъминланади.

Маҳаллаларда ишсиз аёллар Хотин-қизлар қўмитаси ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида стипендияли ўқишга жалб этилиб, кафолатли бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Бугунга келиб Бўка туманида 150  нафар аёл 8 фоизли имтиёзли кредитлар билан таъминланиб, оилавий тадбиркорликнинг турли йўналишларига жалб этилмоқда. Асаларичилик, боғдорчилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш учун берилаётган имтиёзли  кредитлардан беминнат фойдаланиш имкониятига эга бўлган  хотин-қизлар Ўзбекистонда аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун давлат раҳбарига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Мавзуга оид