Ўзбекистон | 15:17 / 15.04.2019
6840
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази ташкил этилди

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, марказ қуйидагилар билан шуғулланади:

транспорт ва логистика тизимини ривожлантириш муаммоларини ўрганиш, республиканинг транспорт салоҳиятидан фойдаланиш, муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш, йўловчи ва юк ташиш транспорти оқимларини мақбуллаштириш, халқаро ва минтақавий транзитни ривожлантириш;

транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида хавфсизликни ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш, инновацион технологиялар ва интеллектуал транспорт тизимларини жорий этиш;

атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш, ресурсларни тежаш ва транспортда экологияни яхшилаш бўйича муаммоларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш;

илмий-тадқиқот муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш бўйича бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.

Марказ Давлат бюджети, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари, халқаро молия ташкилотларининг грантлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Мавзуга оид