Ўзбекистон | 23:56 / 16.04.2019
12581
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тарихида биринчи марта Гендер комиссия тузилди

Яқин кунларда Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоялашга доир икки янги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилади. Шу билан бирга, мамлакат тарихида илк марта Гендер комиссия тузилди. Kun.uz мухбири 16 апрель куни Осиё тараққиёт банки ва Хотин-қизлар қўмитасининг гендер тенглик масалаларига бағишланган семинарида олинган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

"Ўзбекистонда бир йил ичида Хотин-қизлар билан боғлиқ вазиятни яхшилашга доир Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг 15 фармон ҳамда қарори имзоланди. Бунга параллель равишда қонунчиликда ҳам бу йўналишда ўзгаришлар киритилмоқда. Яқин кунларда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда уларга нисбатан зўравонлик ва камситилиш ҳолатларига қарши курашишга оид икки қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилади ва жамоатчиликнинг унга муносабати ўрганилади", - дея маълум қилди Бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, Танзила Норбоева Ўзбекистонда бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳали кўплиги, улардан бири гендер экспертиза эканлигини таъкидлади, Ўзбекистон ҳозир халқаро ташкилотлар ва институтлар кўмагида гендер экспертиза ўтказишни ўрганаётганини қайд этди.

"Ўзбекистон тарихида биринчи марта гендер комиссия тузилди. Олий Мажлис Сенати раиси комиссия раиси ҳисобланади, мен эса унинг ўринбосари ҳисобланаман. Ушбу комиссия шу йилнинг ўзида Гендер тенглик концепциясини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Илгари бизда бу каби концепциялар, бундай тушунчалар йўқ эди. Шу боис гендер экспертиза билан боғлиқ маълумотларни ушбу концепцияга киритамиз", - деди Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Шу ўринда Гендер тенглик концепциясини ишлаб чиқишда ОТБ кўмагига умид билдирилди.

Танзила Норбоева ОТБ раҳбариятига 2000 йилдан буён Ўзбекистондаги ташкилотларга фаол ёрдам бериб келаётгани, жумладан, доимий равишда гендер статистикани тақдим этиш, турли семинарларни ўтказишдаги кўмаги ва бошқалар учун миннатдорчилик билдирди. Буларнинг бари ОТБнинг халқаро тажрибадан келиб чиқиб, Ўзбекистонда билдирган ташаббуси натижасида амалга оширилганлигига эътибор қаратилди.

Шу ўринда Ўзбекистон Президентининг Хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқига оид ҳужжатни имзолагани, унга мувофиқ барча соҳаларда гендер статистика жорий қилиниши қайд этилди. Бундан ташқари, турли соҳалар бюджети ишлаб чиқилаётгани, гендер ёндашув механизми жорий қилиниши кераклиги қўшимча қилинди.

Бош вазир ўринбосари шунингдек Ўзбекистон Президентининг 8 март байрамидаги табригида Хотин-қизларга билдирган тилакларини етказди:

"Парламент ва бошқа сайлов органларида фаолият юритувчи хотин-қизларнинг улуши 50 фоиздан кам бўлмаслиги керак". 

Норбоеваенинг таъкидлашича, бугунга келиб 6 минг нафар аёл ушбу сиёсий жараёнда иштирок этиш учун танлаб олинган. Уларнинг салоҳиятини оширишга доир катта ишлар олиб борилмоқда.

"Бу аёллар тажриба орттиради, омма олдида ўзини тутиш, нотиқлик санъати ва фаолликка ўргатилади. Биз уларнинг фаолиятига ёрдам берамиз, саралаш жараёнларидан охиригача ўта олмаганлар эса муайян соҳалардаги позицияларга тавсия этилади", - дейди у.

Мавзуга оид