Ўзбекистон | 21:39 / 19.04.2019
6455
4 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлигида Ўзбекистон-Корея ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов Корея Республикаси делегацияси вакиллари билан учрашди. 

Вазирлик матбуот хизматидан Kun.uz'га маълум қилинишича, учрашув давомида Корея томон замонавий Ўзбекистоннинг ривожланиш динамиклигини алоҳида  эътироф этган. Жумладан, Korea Eximbank (Корея экспорт-импорт банки) президенти Ин Сон Су мамлакатдаги ислоҳотларга юксак баҳо берган ва энергетика соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиши, бизнес ва инвестицион жозибаси ошиши, аҳоли турмуш тарзи яхшиланиши ва фаровонлиги ошишидаги энг муҳим омиллардан бири эканини таъкидлаган. 

Томонлар «Uzbekistan GTL» синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи заводи ва «Uz-KorGasChemical» Сургил газ-кимё комплекси қурилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди. Бундай лойиҳаларни муваффақиятли йўлга қўйиш Ўзбекистонга сармоя киритишни режалаштираётган кореялик инвесторлар учун муҳим индикатор бўлиб хизмат қилади. 

Учрашувда Korea Eximbank молиялаштирувини жалб қилган ҳолда амалга ошириш таклиф этилаётган лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи модернизациялаш, ИЭСлар буғ-газ ускунасини қуриш, автоматик назорат ва ахборот йиғиш тизими (SCADA), шунингдек электр энергия истеъмолини автоматик назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимларини жорий қилиш шулар жумласидандир. Шу билан бирга, Ўзбекистон томон SCADA лойиҳалари учун EDCF (Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси) маблағларини жалб қилиш имконини кўриб чиқишни таклиф этди. 

Кредит линияларини очиш билан боғлиқ жараёнлар шаффофлигини таъминлаш ва уларни тезлаштириш учун қўшма ишчи гуруҳни ташкил қилишга оид келишувга эришилди. Лойиҳаларни 2019 йил охиригача молиялаштиришни бошлаш мақсад қилинган. 

Бундан ташқари, Корея энергетика агентлиги президенти Ким Чан Сёб бошчилигидаги делегация вакиллари билан иссиқлик электр станциялари энергосамарадорлигини ошириш, тизим модернизацияси ва яхшиланиши масалалари муҳокама қилинди. Корея томон ИЭС янги қувватларини қуриш эмас, эскирган ускуналарни янгилаш мақсадга мувофиқ эканига доир фикр билдирди. Делегация вакиллари Ўзбекистон электр станцияларига ташриф буюришга қизиқиш билдиришди. 

Шунингдек, Энергетика вазирлигида KoreaTelecom компанияси делегацияси ҳам бўлди. Компания энергия ресурслари харажатларини ҳисобга олувчи замонавий технологияларни жорий қилишни талаб қилувчи қатор лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва кадрларни тайёрлашда ёрдам беришга тайёр эканлиги маълум қилинди. 
 
Posco International, Kepco ва Hyundai компаниялари билан учрашувлар давомида консорциум йўли орқали салоҳиятли лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирилди. 19 апрель куни Ўзбекистон-Корея бизнес форумида консорциум билан энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди. 

Posco International компанияси, ўз ўрнида, салоҳиятли табиий газ майдонларида геологоразведка ишларини олиб бориш учун янги блок тақдим этишга оид мурожаат билан чиқди. Корея томон Ўзбекистон ёқилғи-энергетика соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлашда ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Мавзуга оид