Спорт | 20:30 / 20.04.2019
12284
6 дақиқада ўқилади

Гвардиола чемпионлик темпини туширмаяпти. «Сити» «Тоттенҳэм»дан реванш олди

Чемпионлар лигасидаги аламли мағлубиятдан уч кун ўтиб «шаҳарликлар» премьер-лигада «шпорлар»ни мағлуб этиб, биринчи ўринга қайтди.

Англия чемпионати. Премьер-лига. 35-тур
«Манчестер Сити» - «Тоттенҳэм Ҳотспур» - 1:0 (1:0)
Гол: Фоден, 5. 
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Ляпорт, Стоунс, Гюндоган, Де Брюйне (Фернандинью, 38), Зинченко, Фоден (Сильва, 85), Агуэро (Сане, 66), Стерлинг, Бернарду Силва.
«Тоттенҳэм»: Гассанига, Фертонген, Алдервейрелд (Льоренте, 78), Дэйвис, Санчес, Фойт, Эриксен, Дайер (Ваньяма, 61), Алли (Роуз, 69), Сон Хин Мин, Лукас Моура.
Огоҳлантиришлар: Ваньяма, 86. Стерлинг, 90+3. Фертонген, 90+3. 
Ҳакам: Оливер (Англия).
20 апрель. Манчестер. «Этиҳад» стадиони.

Таскин
Бир неча кун муқаддам «Этиҳад»да мавсумнинг энг томошабоп ўйинларидан бири айнан шу икки жамоа иштирокида ўтганди - «Тоттенҳэм» VAR ёрдамида Гвардиоланинг «Манчестер Сити»сини ЕЧЛда ғолиб бўлиш умидисиз қолдирганди. Энди каталониялик мутахассисда ягона овунч бор - АПЛда олтин медаллар учун «Ливерпуль» билан чемпионлик пойгаси. Уч кун ичида «Тоттенҳэм»га қарши иккинчи ўйиндаги ғалаба «шаҳарликлар»ни турнир лига жадвалининг биринчи ўринга қайтариши мумкин эди.

«Шпорлар»нинг тажрибавий таркиби
«Сити»ни фақат ғалаба қониқтирарди, аллақачон чемпионлик пойгасини тарк этган лондонликлар учун ҳам ички чемпионатда очко зарур - учинчи ўрин учун айни вақтда яна уч жамоа рақобатлашмоқда. «Арсенал», «Челси» ва «МЮ» Маурисио Почеттино жамоаси очко йўқотишига кўз тикмоқда.

Аргентиналик мутахассис Манчестерда кўпчиликни ҳайрон қолдирган ҳолда тажрибавий таркибни майдонга туширди. Чоршанба кунги ўйиндан фарқли равишда «шпорлар» бугунги ўйинни 3 нафар марказий ҳимоячи билан бошлашди, асосий таркибга Санчес, Фойт, Дэйвис ва Дайер қайтди, ўйин арафасида мушакларини жароҳатлаб олган Льорис ўрнини январь ойидан буён майдонга тушмаган Гассанига эгаллади.

Фоденнинг голи
Аргентиналик дарвозабоннинг таркибга қайтиши муваффақиятли чиқмади - ўйиннинг 5-дақиқасидаёқ Фоден Агуэро ташлаб берган тўпни боши билан бўш қолган дарвозага жойлади ва «шаҳарликлар»нинг Англия чемпионатида гол урган 2000 йилдан кейин туғилган илк футболчисига айланди. «Сити» сафидаги охирги 10 ўйинида ушбу 18 ёшли яримҳимоячи 6 гол уришга эришди (аввалги голлар Англия Кубоги ёки Англия Лигаси кубоги доирасида урилган).

Пенальти йўқ
Ўйиндаги тезкор гол ҳеч кимни ҳайрон қолдиргани йўқ - ахир уч кун олдинги ўйинда 11 дақиқага келиб мухлислар 4та гол гувоҳи бўлиб улгуришганди. Аммо бу сафар таблода ҳисоб бошқа ўзгармади. Гарчи бу ўйинда икки дарвозабонга ҳам етарлича иш топилган бўлсада - Эриксен ва Сон Хин Мин бир неча марта Эдерсоннинг маҳоратини синовдан ўтказишди, Гассанига ҳам Де Брюйне, Зинченко ва Агуэронинг зарбаларини бартараф этишига тўғри келди. Биринчи бўлим ўрталарида Фертенгон ўз жамоаси жарима майдонида Бернарду Силвага қўполлик ишлатгандек кўринганди, аммо ҳакамнинг ҳуштаги жим қолди.

Де Брюйненинг жароҳати
Ҳисобда олдинга чиқиб олган «Манчестер Сити» ўйинни назорат қилди, лекин танаффус арафасида жамоа мухлисларини хафа қиладиган ҳодиса рўй берди. Жамоа етакчиси Кевин де Брюйне дарвоза томон зарба бериш чоғида оёғини шикастлаб олди ва ўйинни давом эттира олмади - унинг ўрнини Фернандиньо эгаллади. Бу бельгиялик футболчи учун мавсумда учинчи жароҳат бўлди.

Уокернинг қўли
Ўйиннинг иккинчи бўлими ҳам «шаҳарликлар»нинг ҳужумлари билан бошланди. «Шпорлар»да ҳужумга ўтишга имкон бўлмади ва иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасида меҳмонлар фақат тўпни ўз жарима майдонлари атрофидан узоқлаштириш билан банд бўлишди - Фертонген ва Фойт бор эътиборини Агуэро ва жамоанинг ҳужумларини қайтаришга қаратишди. Ҳужумлар бартараф қилингач ҳужумга ўтган «Тоттенҳэм»да жиддий вазият бўлди, бу вазиятда жарима майдонида Алли билан тўп учун кураш вақтида тўп Уокернинг қўлига тегди, ҳакам ҳуштаги яна жим қолди.

Иккинчи бўлим ўрталарида жамоалар ҳужумкорликни кучайтиришди - Сане гол уришига бир бахя қолди, унинг зарбасини Гассанига оёқлари билан қайтариб юборди, Лукас Моура эса яқин масофадан Эдерсонни доғда қолдиролмади. Почеттино ўйинни қутқариб қолиш учун майдонга Льорентени ҳам ташлади, аммо испаниялик ҳужумчи бу сафар ўзини кўрсата олмади.

«Манчестер Сити» Фоденнинг ягона голи билан бир ҳафта ичида иккинчи марта «Тоттенҳэм»ни мағлуб этди, аммо бу сафарги ғалаба жамоа мухлисларига қувонч олиб келди - «шаҳарликлар» яна «Ливерпуль»ни қувиб ўтиб, турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди.

Мавзуга оид