Божхоначилар қарийб 3,5 миллиард сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини фош этишди
20-21 апрель кунлари Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан йирик қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди, деб хабар берди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Самарқанд вилояти Булунғур туманида ўтказилган тезкор тадбирда З.Х. бошқарувида бўлган “Нексия” русумли автоулов кўздан кечирилганда, муқаддам қўшни давлатдан айланма йўллар орқали Навоий вилоятига олиб келинган 10,6 минг донадан ортиқ дори воситалари ва 64 дона электр ҳисоблагич борлиги аниқланди.
Мазкур автоулов билан биргаликда Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган, М.Қ. бошқарувидаги яна бир “Нексия” русумли автомашина ҳам тезкор кузатувга олинди. Ундаги юклар Зангиота туманидаги хонадонлардан бирига туширилаётган вақтда, давлат божхона хизмати органлари ходимларини кўриб қолган шахс дарров рулга ўтириб, қочишга уринди.
Унинг қочишга уриниши бекорга эмас экан. Юклар туширилаётган хонадон кўздан кечирилганда бу ерда ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1081 дона дори воситалари, 330 кг. мис, 49 дона электр ҳисоблагич борлиги аниқланди.
Бу шахс тезкор тадбир давомида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида ашёвий далиллар билан божхоначилар томонидан қўлга олинди.
Унинг бошқарувидаги автомашина кўздан кечирилганида, автомашинада ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 14 685 дона тиббиёт буюмлари ва дори воситалари, алкоголли ичимликлар учун мўлжалланган 400 минг дона қалбаки акциз маркалари, 830 дона болалар сўрғичи ва 36 дона электр ҳисоблагич борлиги аниқланди.
Юқоридаги тезкор тадбир натижасида умумий қиймати тахминан 1,9 млрд. сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган товар-моддий бойликларнинг ички ҳудудда ноқонуний айланиши олди олинди.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳам шу каби қонунбузарлик ҳолатини фош этишди. “Наманган-Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган Х.Ғ. бошқарувидаги юк машинаси Тошкент вилояти Оҳангарон туманида тўхтатилиб кўздан кечирилди.
Натижада, ушбу юк автомашинасида М.Ю. томонидан олиб кетилаётган, муқаддам қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб кирилган қиймати тахминан 1,5 млрд. сўмлик 11,7 минг донадан ортиқ “Herbalife” брендига тегишли косметика воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа хўжалик моллари борлиги аниқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан фош этилган божхона қонунбузилиши ҳолатида эса “Саратов-Тошкент” халқаро йўналишидаги поезд йўловчиси Х.О.нинг қинғир қилмишлари фош этилди. Бу шахс хорижда ишлаб чиқарилган, қиймати 75 млн. сўмлик 3000 дона “Кетгут” номли жарроҳликда фойдаланиладиган тиббиёт ипларини перронда ноқонуний тушириб қолдираётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Қайд этилишича, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида давлат божхона хизмати органлари томонидан 210 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида 9,5 млрд. сўмлик сифати кафолатланмаган тиббиёт буюмлари ва дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
12:30 / 10.10.2024
Дориларнинг постмаркетинг назорати ўтказилади
14:00 / 04.10.2024
Тўрт ҳудудда кучли дори воситалари савдоси фош этилди
13:30 / 17.09.2024
Урганчда 2,9 млрд сўмлик ноқонуний дори воситалари аниқланди
09:00 / 09.09.2024