Жаҳон | 20:46 / 24.04.2019
13045
2 дақиқада ўқилади

Виктор Янукович Украинага қайтишни истамоқда – ОАВ

Фото: Thierry Monasse, Globallookpress

Адвокат Виталий Сердюк “Известия” нашрига интервьюсида Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович ватанига қайтиб, унга қарши қўйилган айбловлар “сиёсий характерга” эга бўлганини исботлашни истамоқда.

“Виктор Януковичда қайтиш истаги ҳақиқатда бор. Биз унинг ҳуқуқлари учун курашнинг илк кунлариданоқ бу устида ишламоқдамиз. Зеленскийнинг президент этиб сайланиши Виктор Януковичнинг бу истагига ҳеч қанақасига таъсир қилмайди”, деб айтган Сердюк.    

Унинг айтишича, Янукович Россия ҳудудида “вақтинчалик ва мажбурликдан” қолмоқда.

“Ҳимоя унинг ҳуқуқларини тиклашга ва барча айбловлар ҳуқуқий эмас, балки сиёсий характерга эга бўлганини исботлаш учун барча ишни қилмоқда. Биз ўша воқеаларнинг ҳақиқий айбдорлари жазо олишини истаймиз”, деб қўшимча қилган Януковичнинг адвокати. 

Сердюкнинг айтишича, Янукович яқинда Владимир Зеленскийга президент сайловларидаги ғалабаси муносабати билан табрик юборган, бироқ бу унинг юртига қайтиш истаги билан боғланмаган.

Янукович Украинада давлатга хиёнат айблови билан сиртдан 13 йилга озодликдан маҳрум этилган. У бу ҳукмни сиёсийлаштирилган ва ноқонуний деб ҳисоблайди. 

Украинага 2010 йилдан президентлик қилган Янукович Украинадаги ўткир сиёсий инқироз давомида 2014 йил 22 февралда олий рада томонидан ҳокимиятдан четлатилган. У шундан кейин Украинани тарк этиб, Россияга кетишига тўғри келган. Ҳокимиятдан четлатилгандан кейин Януковичга қарши кўплаб жиноий ишлар қўзғатилган. 

Мавзуга оид