Туризм соҳаси I чорак якунлари бўйича ҳисоботи: KPMG билан келишув, стартаплар ва статистик маълумотлар
26 апрель куни Миллий матбуот марказида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари 2019 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти натижалари бўйича оммавий ахборот воситалари ходимлари олдида ҳисобот тақдим этишди. Kun.uz мухбири матбуот анжумани давомида олинган маълумотлар асосида йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишларга оид маълумотлар билан бўлишди.
Меҳмонхоналар
2019 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 2 мингдан зиёд хонани ўз ичига олган 40 та меҳмонхона қуриб битказилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 21 300 хонадан иборат 966 та меҳмонхона фаолият юритмоқда. Жорий йил охирига қадар ўтказиладиган учрашувлар натижасида тахминан 7 минг хонага эга 140 та янги меҳмонхона қурилиши кўзда тутилмоқда. Агар 2017 ва 2018 йилларда хоналар сони 4 ва 5 фоизга ошган бўлса, 2019 йилда хоналар сони 37 фоизгача ортиши кутилмоқда, бу эса меҳмонхоналарда жойлар етишмаслиги муаммосини деярли ҳал қилади.
KPMG билан келишув
Инвесторларнинг меҳмонхоналарни қуриш учун сарфлаган харажатларини қоплаш ва давлат бюджети ҳисобидан жаҳоннинг бренд меҳмонхоналарини жалб қилишга доир шаффоф механизмлар жорий этилди. Меҳмонхоналарга маблағ ажратиш жараёнини баҳолашга “Катта тўртлик” компаниялари бири «KPMG» вакилларини жалб қилиш бўйича келишув имзоланди. Туркия ва Жанубий Кореянинг кичик меҳмонхоналар қуриш тажрибасидан келиб чиқиб, жами 8 турдаги 8 (2 хил), 16, 26, 32, 40 (2 хил) ва 50 хонали меҳмонхона лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Ёшлар ғояларини қўллаб-қувватлаш
Ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рағбатлантириш ва туризм соҳасида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун уларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш бўйича 600 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган танлов ташкил этилди.
Нодавлат сектор
Нодавлат секторларни институционал қўллаб-қувватлаш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Гастрономик ва экстремал туризмни ривожлантириш бўйича ННТнинг умумий қиймати 1,2 миллиард сўмлик 6 лойиҳани молиялаштирди.
Бренд тарғиботи
Ўтган давр ичида Футбол бўйича Англия премьер-лигаси билан келишувга эришилди ва лигада Ўзбекистоннинг рекламаси намойиш этилди. Барча каналларда трансляция қилинган футбол матчларидаги реклама намойишининг умумий вақти 27 соат ва 32 минут ташкил қилди.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон брендини дунёга кенгроқ танитиш мақсадида Ю.Стоянов (Россия), Р.Бери (Ҳиндистон) ва Далер Юсуф (Малайзия) Ўзбекистоннинг туристик бренди элчилари этиб тайинланди.
Бундан ташқари, Испанияда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган дунёга машҳур “Le Petit Futé” сайёҳлик қўлланмаси испан тилида 80 минг нусхада чоп этилди, бу Францияда 70 минг нусха билан француз тилида чоп этилган нашрнинг давомидир.
Янги йўналишлар диверсификацияси
Туризмнинг янги йўналишларини диверсификация қилиш ва ривожлантириш ҳамда миллий туристик салоҳиятни тарғиб қилиш мақсадида Бухоро шаҳрида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум ўтказилди. Унда 34 мамлакатдан 120дан ортиқ хорижий меҳмон иштирок этишди.
“Ўзбекистон” миллий туристик стенди билан Испания, Германия, Исроил, Россия, Туркия ва Беларусь Республикасидаги туризм бўйича халқаро ярмаркаларда иштирок этилди. Чет эл оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туристик салоҳиятимизга оид 100дан ортиқ материал чоп этилди.
Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик
Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни ташкил этиш мақсадида Туризм давлат қўмитаси таркибида хориждаги диаспора вакиллари билан ишлаш бошқармаси шаклланди. Шундай қилиб, диаспорага жалб қилинган хорижий ташкилотлар билан биргаликда чет эллардаги, жумладан, Германия, АҚШ, Буюк Британия, Латвия, Финландия, Мўғулистонда ҳамюртларимиз учун 19 та форум ўтказилди.
Бундан ташқари, юртдошларимиз биргаликда Япония, Чехия, ХХР, Малайзия, Тайланд, Польшада Ўзбекистон туристик салоҳияти тақдимоти ва “Ўзбекистон” миллий брендини тарғиб этиш бўйича 25 та акция ўтказилди.
Статистика
2019 йилнинг I чораги давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар сони 1 млн 380 мингни ташкил қилди. Ўтган йилнинг худди шу даврида эса бу кўрсаткич 972,2 минг нафарни қайд этган. Бу бир йил давомида 42 фоизлик ўсиш қайд этилганидан далолат беради.
Шунингдек, туристик хизматлар экспорти 2019 йилнинг биринчи чорагида 246,1 миллион долларни ташкил қилди. 2018 йилнинг бу давр кўрсаткичи эса 184,6 миллион долларни қайд этган.
2018 йилнинг I чорагида 11 тагина жойлашув воситаси қурилган, 2019 йилнинг худди шу даврида қад кўтарган жойлашув воситалари сони эса 41 тани ташкил қилди. Жами Ўзбекистонда 963 та жойлашув воситаси хизмат кўрсатмоқда.
Хорижий мамлакатлар фуқароларига берилган электрон визалар сони 2019 йилнинг биринчи чорагида 11 860 тани ташкил қилди. 2018 йилнинг 15 июлидан йўлга қўйилган ушбу тизим орқали виза олган хорижликлар сони бугунга келиб 40 016 тага етди.
Ҳужжатлар
Туризм соҳасига доир қарорларни амалга ошириш доирасида ўтган давр мобайнида 13 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланди ва ҳукуматга тақдим этилди, улардан 8 таси қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. Айрим мамлакатлар фуқаролари учун виза тизимининг бекор қилиниши, хорижий фуқаролар учун турар-жойларни қисқа муддатга ижарага бериш тартибини соддалаштириш, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш, хусусан, туристик салоҳият юқори бўлган қишлоқ жойларида янги сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик ва рақобатни ривожлантириш мақсадида ҳар бир ҳудуд иқтисодиётида туризмнинг улушини аниқлаш имконини берувчи ҳудудий туризм статистикасини такомиллаштириш шулар жумласидандир.
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024
2024 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони маълум қилинди
09:50 / 23.10.2024