Жаҳон | 20:10 / 01.05.2019
44837
2 дақиқада ўқилади

Таиланд қироли генералга уйланди

Фото: AFP 2019 / Thai TV Pool

1 май куни Таиланд қироли Маха Вачиралонгкорн (Рама Х) генерал Сутхида Вачиралонгкорн билан никоҳ қургани ва уни қиролича Сутхида деб номлаганини эълон қилди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар берди. 

Никоҳ қачон тузилгани номаълум, бироқ қирол бу ҳақда унга тож кийдирилиши маросимига 3 кун қолганда маълум қилди. Унинг аввалги никоҳи ҳақида тўйдан 4 йил ўтиб, меросхўри туғилганда эълон қилинган. Бу 66 ёшли қиролнинг 4-маротаба турмуш қуришидир.

Маълум қилинишича, қиролича 1978 йилда туғилган ва аввал Thai Airways компаниясида стюардесса бўлиб ишлаган 2014 йил августда у ўша вақтда валиаҳд шаҳзода бўлган Рама Х’нинг оиласи қўриқлаш хизмати командири бўлган. Сўнгра у қироллик гвардияси махсус операциялари бўлинмаси қўмондони этиб тайинланган ва 2016 йил декабрда генерал унвонигача кўтарилган.

Фото: EPA-EFE

Таиланд қироли тахтга отаси, марҳум қирол Пхумипхона Адулъядета (Рама IX) вафотидан кейин 2016 йилда ўтирган. Таиландда ҳукмронлик қилувчи Чакри сулоласида ўрнатилган анъанага кўра, ҳар бир қиролга тож кийдириш у тахтга ўтириши биланоқ эмас, балки маълум вақтдан кейин юз беради. Ўз вақтида марҳум қирол ҳам 1946 йилда тахтни эгаллаган, бироқ 1950 йилдагина унга тож кийдирилган.

Амалдаги қиролга тож кийдирилиши маросими 2 майдан 6 майгача давом этади. Маълумотларга кўра, тож кийдириш маросими пойтахт Бангкокдаги Зумрад Будда ибодатхонаси ва Катта қироллик саройида бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид