«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси – суғурта бозорида 25 йил!
2019 йилнинг апрель ойида «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси ташкил этилганига 25 йил бўлди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида, Ўзбекистон дунё мамлакатлари билан савдо-инвестициявий алоқаларни ўрнатиш бўйича илк қадамларни қўяётган даврда, 1994 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Фармони билан «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси ташкил этилган эди.
Компанияга миллий экспортчиларни хорижда сиёсий ва тижорат қалтисликларидан комплекс суғурта ҳимояси билан таъминлаш, технологиялар, товарлар ва хизматлар экспортини молиялаштириш учун кредитлар ажратувчи тижорат банкларига суғурта кафолатларини бериш, хорижий мамлакатлар экспорт-суғурта агентликлари, суғурта ва қайта суғурта қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликни ўрнатиш вазифалари юклатилган эди.
Шу билан, «Ўзбекинвест» компанияси дастлабки кунлардан бошлаб суғуртанинг барча 17 та класси бўйича фаолиятни амалга оширувчи, резидент ва норезидент бўлган жисмоний ва юридик шахсларга суғурта хизматининг барча турларини тақдим этувчи универсал суғурта компанияси сифатида иш бошлаган.
Ривожланиш босқичлари
Юқоридаги вазифаларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида компаниянинг қуйидаги ихтисослашган шўъба корхоналари ташкил этилди:
- 1994 йилнинг август ойида хорижий инвестицияларни Ўзбекистон Республикасида сиёсий қалтисликлардан суғурталаш доирасида офиси Лондон шаҳрида (Буюк Британия) жойлашган ва 50 млн. АҚШ доллари устав капиталига эга «Uzbekinvest International» суғурта компанияси ташкил этилди;
- 1997 йилнинг май ойида компаниянинг молиявий активларини профессионал бошқаришни ташкил этиш доирасида «Ўзбекинвест Сармоялари» инвестиция компанияси фаолияти йўлга қўйилди;
- 2000 йилнинг апрель ойида компания мижозларига суғурта даврида консультатив хизматларни ташкил этиш ва сифатли тиббий, юридик ҳамда техник ассистанс хизматларини ўз вақтида кўрсатиш мақсадида «Ўзбекинвест Ассистанс» сервис агентлиги ташкил этилди;
- 2003 йилнинг декабрь ойида ҳаётни узоқ муддатли суғуртасини ривожлантириш мақсадида «Ўзбекинвест Ҳаёт» шўъба суғурта компанияси ташкил этилди.
2003 йилнинг декабрь ойида «Ўзбекинвест» компанияси Ўзбекистон молия бозорида биринчи бўлиб суғурта бизнесининг халқаро етакчи компанияларининг ишончини ошириш ва компаниянинг улар томонидан тан олинишига хизмат қилувчи сифат менежменти тизимини тасдиқловчи ISO 9001 халқаро стандарти сертификатини қўлга киритди.
2016 йилнинг ноябрь ойида «Moody’s Investors Services Ltd.» халқаро рейтинг агентлиги (Буюк Британия) томонидан компанияга «Барқарор» прогнози билан молиявий барқарорлик халқаро рейтингининг «Ba3» даражаси берилди. Шу билан, компания Ўзбекистон молия бозорида мазкур нуфузли рейтингга эга ягона ташкилотга айланди.
Компания 1997 йилдан буён халқаро фаолиятни ривожлантириш доирасида дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан 83 та ташкилотни бирлаштирадиган “Кредитлар ва инвестицияларни суғурталовчилар Халқаро иттифоқи – Берн иттифоқи”нинг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида хорижий мамлакатларнинг 34 та экспорт-кредит агентликлари билан ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди.
Шу билан бирга, Navigators Insurance Company (АҚШ), Lancashire Insurance Company Limited (Буюк Британия), Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Co. Ltd. (Япония), Allianz SE va HDI Global Network AG (Германия), AXA (Франция), People Insurance Company of China (Хитой), Korean Reinsurance Company (Корея), «Ингосстраx», «Согаз» (Россия), Zurich Insurance Group (Швейцария) каби дунёнинг хусусий етакчи суғурта компаниялари ўнталигига кирувчи трансмиллий суғурта компаниялар билан тижорат қалтисликларини қайта суғурталаш бўйича тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Компаниянинг келажак истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда иқтисодиётни қайта шакллантиришнинг кенг қамровли дастури белгилаб берилди. Бунинг натижасида республика ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳалари, хусусан суғурта соҳаси жадал ривожланмоқда ва бу миллий суғурта бозорининг тараққий этиши учун янги ва кенг имкониятларни яратиб бермоқда.
«Ўзбекинвест» компанияси 2017 йилнинг декабрь ойида Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатларининг 40 дан ортиқ суғурта ва қайта суғурта қилиш ташкилотларини бирлаштирган Омон иттифоқи – Профессионал форумининг тўла ҳуқуқли аъзосига айланди.
Фаол халқаро суғурта фаолиятини амалга ошириш натижасида Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Давлат дастурлари доирасида АҚШ, Япония, Корея, Россия Федерацияси, Швейцария ва бошқа хорижий мамлакатлар инвесторлари ва пудратчилари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича компания томонидан тузилган шартномалар бўйича қабул қилинган суғурта мажбуриятлари ҳажми 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига 21,7 млрд. АҚШ долларни ташкил этди ва ушбу мажбуриятлар 2024 йилгача кучга эга.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 20 декабрдаги қарорига асосан «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясига хорижий бозорларда миллий экспортчилар манфаатини ҳимоя қилувчи комплекс суғурта хизматларини тақдим этиш доирасида экспорт кредитлари ва операцияларини суғурталаш вазифаси юклатилди.
Қўйилган вазифаларни бажариш доирасида жорий йилнинг I чорагида миллий экспортчиларга 70 млн. АҚШ доллари ёки ўтган йил давомида олинган мажбуриятлар ҳажмига нисбатан 7 баробар кўп суғурта ҳимояси тақдим этилди. 2019 йилда экспорт суғуртаси бўйича кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини энг камида 500 млн. АҚШ долларига етказиш ёки марказлашмаган экспортнинг 20 фоизини суғурталаш кўзда тутилган.
Миллий экспортчилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги ва салоҳиятли ҳамкор мамлакатларига маҳсулот ва хизматларни экспорт қилишда маҳаллий экспортчиларга ва Ўзбекистонга келаётган инвесторларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш мақсадида 2019 йилда Буюк Британиянинг «UK Export Finance», Чехиянинг «EGAP» ва Жанубий Кореянинг «KSure» экспорт-кредит агентликлари билан ҳамкорлик тўғрисида имзоланган келишувлар доирасида амалий ишлар бошланди ҳамда Россиянинг «ЭКСАР», Италиянинг «SACE», Германиянинг «Germes», Франциянинг «Coface» агентликлари, шунингдек, АҚШ ва Хитойнинг Эксимбанклари билан ҳам ана шундай келишувчиларни имзолаш режалаштирилган.
Ўсиш динамикаси
Суғурта бозорининг қайта шаклланиши ва ривожланиши жараёнларига фаол эътибор қаратилиши сабабли «Ўзбекинвест» компанияси томонидан охирги икки йилда юқори натижаларга эришилди. Хусусан, сўнги икки йил давомида компания мижозлари сони 415 мингдан ортиб, 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўпни ташкил этмоқда.
Компания суғурта портфели 163 фоизга ошган, активлар ҳажми 2,2 баробарга ўсиб, 813 млрд. сўмни ташкил этмоқда. Бугунги кунда шакллантирилган суғурта заxиралари 146 млрд. сўмни ташкил этади.
Шаҳар ва қишлоқ аҳолисини суғуртанинг ихтиёрий ва мажбурий турларига фаол жалб этишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида жисмоний шахслар кесимида 2018 йил якунлари бўйича 26 млрд. сўм ёки 2016 йилга нисбатан 3,7 баробар кўп суғурта мукофоти йиғилган.
2017-2018 йилларда 48 та янги ҳудудий суғурта бўлимлари очилди, шундай қилиб, ҳозирда 206 та ҳудудий бўлимлар ва 950 нафар суғурта агентлари томонидан суғурта хизматлари аҳолига тақдим этилмоқда.
Чакана суғуртани ривожлантириш ва суғурта ҳимоясини тақдим этиш географиясини, хусусан қишлоқ жойларда кенгайтириш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 2018 йилда фақат суғурта бўлимлари томонидан 37 млрд. сўмдан ортиқ ёки 2017 йилга қараганда 1,9 баробар кўп суғурта мукофотлари йиғилган.
Бу борада аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун янги ва долзарб маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва реклама-маркетинг фаолиятини фаоллаштиришда ребрендинг ўтказилиши, янги логотипнинг тасдиқланиши муҳим роль ўйнади. Шу билан бирга, республиканинг барча ҳудудларида маркетинг акциялари ўтказилмоқда, Интернет ва оммабоп ижтимоий тармоқларда компания имижи ва тақдим этилаётган суғурта хизматлари фаол тарғиб қилинмоқда.
Узлуксиз ўқитиш концепциясини амалга ошириш доирасида ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди, туман ва шаҳарлар мутахассислари малакасини оширишга қаратилган семинарлар ташкил этилди. Европа Иттифоқи ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларининг нуфузли халқаро ўқув марказларида ва йирик суғурта компанияларида малака ошириш ва тажриба алмашиш амалиёти жорий этилди.
Компаниянинг стратегик мақсадлари
Ривожланишнинг янги босқичига ўтаётган компания ўз олдига қуйидаги стратегик вазифаларни амалга оширишни мақсад қилган, яъни:
1. Хорижга маҳаллий экспорт ҳажмини ошириш ҳамда хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларга комплекс суғурта ҳимоясини тақдим этиш.
2. Экспортчиларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш, экспорт кредитларини суғурталаш ва қайта суғурталаш мақсадида Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари ҳисобланган хорижий мамлакатлар экспорт-кредит агентликлари ва Эксимбанклари билан тизимли ҳамкорликни ташкил этиш.
3. Янги, замонавий, долзарб суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, суғуртанинг мулкий ва шахсий турлари бўйича қулай ва ишончли суғурта ҳимоясини тақдим этиш орқали республика аҳолиси ўртасида суғуртани оммалаштириш.
4. Ҳудудий тармоқни ривожлантириш, хусусан, янги суғурта хизматлари шаҳобчаларини очиш, уларни зарур моддий-техник база билан таъминлаш, бир хил корпоратив услубда жиҳозлаш.
5. Барча даражадаги, биринчи навбатда аҳоли билан ишловчи ходимлар билим ва малакасини тубдан ошириш.
6. Ахборот технологиялари инфраструктурасини тўлиқ янгилаш, хусусан, бизнес юритишнинг замонавий интеграллашган тизимини, блокчейн технологияларни фаолиятга жорий этиш.
7. Аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида компаниянинг ижобий имижини шакллантириш мақсадида маркетинг стратегиясини такомиллаштириш, корпоратив мижозлар ва жисмоний шахслар бозорида истиқболли ва долзарб суғурта маҳсулотларини тарғиб қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида халқаро товар ва хизматлар бозорига Ўзбекистоннинг кириши, хорижий мамлакатларга чиқаётган миллий маҳсулотлар экспортини суғурталаш бўйича сиёсатни давом эттириш, чет эл ва маҳаллий инвесторлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қалтисликлардан суғурталаш, миллий суғурта бозорини янада ривожлантиришга кўмаклашиш компаниянинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Мавзуга оид
10:04 / 04.11.2024
“Ўзбекинвест” компанияси Lloyd’s of London бош қароргоҳида Ўзбекистон суғурта бозори тақдимотини ўтказди
10:00 / 18.10.2024
“Ўзбекинвест” компаниясида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганининг 35 йиллиги ва “Ўзбек тили байрами куни”га бағишланган тадбир бўлиб ўтди
09:00 / 03.10.2024
Лондондаги Chartered Insurance Institute “Ўзбекинвест” компаниясига Халқаро профессионал ҳамкор ташкилот мақомини берди
10:00 / 30.08.2024