Ўзбекистон | 10:00
349
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекинвест» Швейцария суғурта бозорининг етакчи компаниялари билан глобал ҳамкорликни ривожлантирмоқда

«Ўзбекинвест» экспорт-импорт суғурта компанияси Швейцариянинг Цюрих шаҳрига амалга оширган хизмат сафари доирасида Швейцариянинг давлат экспорт-кредит агентлиги — SERV (Swiss Export Risk Insurance) билан музокаралар ўтказиб, ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Шунингдек, жаҳон суғурта бозорининг етакчи компаниялари — Swiss Re ва Zurich Insurance Group раҳбарияти билан қатор учрашувлар ташкил этилди.

Фото: Ўзбекинвест

Музокаралар давомида Swiss Export Risk Insurance (SERV) раҳбари Кристина Шульце-Бергманн Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, Швейцариянинг етакчи компаниялари энергетика, фармацевтика, машинасозлик, электротехника, туризм ва бошқа соҳаларда мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга катта қизиқиш билдирганини таъкидлади.

Шу муносабат билан 2026 йил июн ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Инвестиция форумида иштирок этиш учун Швейцариянинг йирик бизнес доиралари ва компаниялари вакилларидан иборат нуфузли делегация тайёрланаётгани қайд этилди.

SERV билан имзоланган меморандум доирасида қуйидаги устувор ҳамкорлик йўналишлари белгиланди:

  • экспорт кредитлари ва сиёсий рискларни суғурталаш соҳасида ахборот, таҳлилий маълумотлар ва тажриба алмашинувини тизимли йўлга қўйиш;
  • икки мамлакат субъектлари иштирокидаги қўшма экспорт операциялари ва халқаро инвестиция лойиҳаларини суғурталашда ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
  • экспорт кредитлаш ва суғурталаш масалалари бўйича халқаро форумлар ҳамда конференцияларда биргаликда иштирок этиш;
  • Ўзбекистон ва Швейцария давлат экспорт-кредит агентликлари ўртасида институционал алоқаларни мустаҳкамлаш.

Хизмат сафари доирасида жаҳон суғурта бозорининг етакчи компанияларидан бири — Zurich Insurance Group Ltd. ҳамда қайта суғурта соҳасидаги дунё лидерларидан ҳисобланган Swiss Re Ltd. раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

Zurich Insurance Group Ltd. вакиллари «Ўзбекинвест» компаниясининг Ўзбекистонда уларнинг глобал мижозларига хизмат кўрсатиш бўйича эксклюзив ҳамкор сифатидаги муҳим ролини алоҳида таъкидлади.

Swiss Re раҳбарияти эса Ўзбекистонда инвестицияларни ўзлаштириш суръатлари беқиёс даражада юқори эканини қайд этиб, компания мижозлари мамлакатимиз билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Учрашувлар якунлари бўйича қуйидаги келишувларга эришилди:

  • халқаро корпоратив дастурлар доирасида мол-мулк суғуртаси, фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш ва юкларни суғурталаш бўйича портфелни кенгайтириш имкониятлари белгиланди;
  • трансмиллий мижозлар эҳтиёжларига йўналтирилган янги суғурта турларини жорий этиш орқали маҳсулотлар қатори диверсификация қилиш концептуал жиҳатдан келишиб олинди;
  • Zurich Group халқаро стандартлари асосида глобал суғурта полисларини маъмурлаштириш ва зарарларни тартибга солиш жараёнларини такомиллаштириш бўйича келишувга эришилди;
  • ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини чуқур ўрганиш ва ўзаро ҳамкорликнинг аниқ параметрларини келишиб олиш мақсадида Swiss Re вакилларининг Тошкент шаҳрига ташрифи келишиб олинди.

Швейцариянинг халқаро миқёсда эътироф этилган етакчи суғурта ташкилотлари билан ўтказилган музокаралар томонлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг юқори даражасини ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш, халқаро бизнесни суғурталаш ва глобал қайта суғурталаш соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган стратегик қизиқишни яна бир бор тасдиқлади.

Колл-марказ:  (+998) 71−207−60−00, 1160

Сайт | Facebook | Instagram | Telegram | YouTube

Мунира Тошниёзова
Тайёрлаган Мунира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид