Шавкат Мирзиёев Сергей Лавровни қабул қилди
Бугун, 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми иштирокчи давлатларининг 11-мажлисида қатнашиш доирасида мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юқори суръат билан ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.
Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
«Томонларнинг сиёсий иродаси ва олий даражадаги фаол мулоқот ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, уни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Бугунги кунда савдо, инвестиция, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳалар, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа йўналишларда қўшма дастурлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро алоқалар салоҳияти рўёбга чиқмоқда.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ва Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари ҳам муҳокама қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Сергей Лавров Россия Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда барқарорлаштиришга кўмаклашиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериши ва уларни қўллаб-қувватлашини билдирган.
Учрашув якунида икки мамлакат халқларининг фаровонлиги, минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт йўлида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интилишлари алоҳида таъкидланган.
Мавзуга оид
15:30 / 04.11.2024
Лавров: Зеленскийнинг «режаси» ва «формуласи» Европани тинчликка яқинлаштирмайди
12:50 / 02.11.2024
Лавров Украинада уруш бошланганидан бери илк бор Евроиттифоққа боради
10:30 / 02.11.2024
Лавров Туркияни Украинага қурол етказиб бергани учун танқид қилди
19:09 / 26.10.2024