Жаҳон | 13:59
1446
6 дақиқада ўқилади

«Қоидаларни ‘коллектив Ғарбʼ эмас, унинг битта вакили ёзмоқда» – Лавров АҚШ, НАТО ва Трамп ҳақида

Доналд Трампнинг Гренландияни эгаллашга уриниши НАТО келажагини шубҳа остига қўяди, деди Россия бош дипломати. Лавров, шунингдек, АҚШни «Россия манфаатларини инобатга олиш заруратини тушунган Ғарбдаги ягона мамлакат» деб таърифлади.

Фото: AP

20 январь куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакат дипломатиясининг 2025 йилдаги фаолияти якунларига доир матбуот анжуманида чиқиш қилди. Associated Press нашри Сергей Лавров нутқидаги муҳим иқтибосларни жамлади.

Гренландия ва НАТО ҳақида

Сергей Лавров АҚШ президентининг Гренландияни эгаллашга қаратилган уринишлари НАТО учун «чуқур инқироз» бошланганидан дарак беришини айтди. Унга кўра, бу «альянснинг ягона ҳарбий-сиёсий блок сифатида сақланиб қолиши масаласини шубҳа остига қўяди».

«Бундай ҳолат юз бериши мумкинлигини аввал тасаввур қилиш қийин эди. Бу – НАТОнинг бир аъзоси блокнинг бошқа бир аъзосига ҳужум қиладиган сценарийни юзага келтириши мумкин», деди Лавров матбуот анжуманида.

Унинг айтишича, Доналд Трампнинг ҳаракатлари Россия узоқ вақтдан бери танқид қилиб келаётган «қоидаларга асосланган глобал тартиб» ҳақидаги Ғарб концепциясини остин-устун қилган.

«Энди қоидаларни ‘Kоллектив Ғарбʼ эмас, балки унинг фақат бир вакили ёзмоқда», деди Лавров киноя билан. «Бу Европа учун катта ларза бўлди ва биз буни кузатяпмиз. Хавфсизлик ва ҳамкорликни таъминлашга қаратилган Евро-атлантика концепцияси ўзини оқламади».

Лавровнинг даъво қилишича, Даниянинг Гренландия устидан назорати мустамлакачилик давридан қолган мерос. «Аслида, Гренландия Даниянинг табиий бир қисми эмас», дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Лавров Россия ва Хитой оролга таҳдид солиши мумкинлиги ҳақидаги Трампнинг гапларини қатъиян рад этди.

«Бизнинг бунга ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Албатта, биз бу жиддий геосиёсий вазиятни кузатяпмиз ва у ҳал бўлгач, хулосаларимизни чиқарамиз», деди Лавров.

Трампнинг «Тинчлик кенгаши» борасида

Москва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларига бағишланган анжуманда сўзлар экан, Лавров Трампнинг «Тинчлик кенгаши» ташаббусини эҳтиёткорона маъқуллади.

Фото: ТИВ Россия

Дастлаб бу ташкилот Ғазода Исроил-Ҳамас урушини якунлашга қаратилган механизм сифатида кўрилган эди. Бироқ энди у бошқа глобал инқирозларни ҳам қамраб оладиган, ҳатто БМТга рақобатчи бўлиши мумкин бўлган кенгроқ мандат билан шаклланмоқда.

Кремль Трампнинг кенгашга қўшилиш ҳақидаги таклифини ўрганаётганини ва Вашингтондан қўшимча тафсилотларни кутаётганини билдирди.

«Бу ташаббус АҚШнинг – ўз ташқи сиёсат фалсафасига қарамай, у ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган давлатлар гуруҳини бирлаштириш зарурлигини англаётганини кўрсатади», деди Лавров.

Украинадаги уруш ҳақида

Лавров Доналд Трампнинг Украинадаги жангларни тугатиш бўйича музокаралар ташаббусларини ҳам мақтади. У АҚШни Ғарб давлатлари орасида «Россия манфаатларини инобатга олиш зарурлигини тушунган ва инқирознинг илдиз сабабларини ҳисобга олган ҳолда ечимлар таклиф қилган ягона мамлакат» деб таърифлади.

Шу билан бирга, Лавров Киев ва унинг европалик иттифоқчилари АҚШнинг сулҳ таклифларига тузатишлар киритишга уринаётганини танқид қилди.

Россия бош дипломатининг айтишича, Аляскадаги саммитда Владимир Путин қабул қилган Трампнинг дастлабки таклифида «Украинадаги рус тилида сўзлашувчилар ва Москва билан алоқадор Украина православ черковини ҳимоя қилиш чоралари» назарда тутилганди. Аммо Киев ва унинг европалик иттифоқчилари таклиф қилган сўнгги версиядан бу бандлар олиб ташланган. Москва эса бундай ўзгаришларни қабул қилмоқчи эмас.

«Биз Киев режимига яна бир бор нафас ростлаб, қайта қуролланиш имконини берадиган ҳашаматга йўл қўймаймиз», деди Лавров.

У Москва Европа етакчилари билан алоқаларни бутунлай истисно қилмаслигини айтди. Бироқ «улар (европаликлар) Россияга нисбатан нафратга шу қадар чуқур ботиб кетганки, эҳтимол, улар билан бирор масалада келишишнинг иложи бўлмайди», дея қўшимча қилди Лавров.

Мадуронинг ўғирланиши ва АҚШ билан ҳамкорлик борасида

Шу билан бирга, Лавров Венесуэла етакчиси Николас Мадуро қўлга олиниб олиб кетилганини кескин танқид қилди ва «қўпол ҳарбий аралашув» деб атади.

Фото: AP

«Биз мисли кўрилмаган воқеаларга гувоҳ бўлдик: АҚШ томонидан Венесуэлага қарши қўпол қуролли бостириб кириш, ўнлаб ҳалок бўлганлар ва ярадорлар… Шунингдек Венесуэланинг қонуний президенти Николас Мадуро ва унинг турмуш ўртоғининг қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши. Бу ҳаракатлар билан бир вақтда Куба ҳамда Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси минтақасидаги бошқа давлатларга нисбатан таҳдидлар янграмоқда», деган Лавров.

У шунингдек, АҚШ январнинг дастлабки кунларида мусодара қилган Россия байроғи остидаги танкердаги икки россиялик денгизчининг озод этилишини ҳамон кутаётганини айтди.

Сергей Лавровнинг айтишича, келаси ойда «Янги СТАРТ» ядровий қуролларни назорат қилиш шартномасининг муддати тугайди. Вашингтон эса ундаги чекловларга яна бир йил амал қилиш ҳақидаги Путиннинг таклифини қабул қилмаган.

«Россия миллий манфаатларга ўзаро ҳурмат асосида АҚШ билан мулоқотни давом эттиришга тайёр», деди у.

Лавровнинг айтишича, ўтган йили Саудияда бўлиб ўтган музокараларида Марко Рубио «манфаатлар мос келадиган жойларда ҳамкорлик қилиш ва келишмовчиликларнинг қарама-қаршиликка айланиб кетишига йўл қўймаслик зарурлигини» таъкидлаган. «Мен бу фалсафа ва мантиқни тўлиқ қўллаб-қувватлашимни айтдим», деди Лавров. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид