Ўзбекистон | 07:59 / 04.05.2019
25660
6 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Маънавият ва маърифат кенгаши фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб берди 

Ўзбекистон Республикаси президенти “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан қуйидагилар Республика Маънавият ва маърифат кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

аҳоли ўртасида фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, жамиятда миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган демократик тамойилларни қарор топтириш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка самарали етказиш;

оила, маҳалла, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва соғломлаштиришга қаратилган фаолиятда иштирок этиш,“маҳалла–туман–вилоят–республика” принципи асосида ҳудудлар кесимидаги ижтимоий-маънавий муҳит харитасини шакллантириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

“Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг стратегик йўналишлари, таъсирчан, креатив ва инновацион услубларини ишлаб чиқиш;

тинчлик ва осойишталикка, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига, қадрият ва урф-одатларга ҳамда инсонпарварлик ғояларига хавф солувчи турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши самарали тарғибот ишларини олиб бориш;

аҳолининг ижтимоий-маънавий ҳаётида бунёдкорлик ғояларини кучайтириш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш.

Ўзбекистон Республикасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолининг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) Маънавият ва маърифат кенгашлари раислари ўн кун муддатда ҳудудий кенгашлар таркибини қайта тасдиқлайди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

Республика кенгашининг йиғилиши бир йилда бир марта Республика кенгаши раиси, бошқа вақтларда эса заруратга қараб Республика кенгаши раисининг ўринбосарлари томонидан ўтказилади;

ҳудудий кенгашларнинг йиғилишлари ҳудудий кенгашлар раислари томонидан ҳар ярим йилда бир марта ўтказилади;

Республика Маънавият ва маърифат маркази Республика кенгашининг, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари тегишли ҳудудий кенгашларнинг ишчи органлари ҳисобланади.

Марказ:

а) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади:

маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторлари;

бола тарбиясида миллий тарбия методлари ва замонавий педагогиканинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш шакллари;

маънавий тарбияни шакллантиришда оила, таълим муассасалари, маҳалла, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ижтимоий тузилмалар ўртасида самарали ҳамкорликни ўрнатиш механизмлари;

тарбияланувчилар билан бирга тарбиячиларнинг ҳам билими ва малакасини мунтазам ошириб боришни назарда тутувчи узлуксиз маънавий тарбия тизими;

маънавий тарбияни шакллантиришнинг ҳомиладорлик давридан бошланиши ва тарбиянинг ҳар бир босқичдаги ўзига хос хусусиятлари;

маънавий тарбиянинг тадрижий ривожланиш ва узлуксизлик тамойилларига асосланиши;

б) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитнинг ҳолатини аниқлаш ва манзилли соғломлаштириш методикаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Республика кенгашига киритади:

ҳудудлардаги ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини хонадонма-хонадон юриб аниқлаш, тизимли мониторинг ва таҳлил қилишда замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш шакллари;

таҳлил натижаларини “маҳалла–туман–вилоят–республика” принципи асосида ҳудудлар кесимидаги ижтимоий-маънавий муҳит харитасида акс эттириш тартиби;

ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган мақсадли ва манзилли тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширишга доир тавсиялар;

аҳолининг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга йўналтирилган инновацион методларни яратиш, илмий-амалий дастурларни амалиётга жорий этиш механизми;

в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда Марказнинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари ходимлари, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг маънавий-маърифий ишлар учун масъул ходимларини Марказ ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасида тизимли равишда ўқитиш амалиётини жорий этади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига:

“Madaniyat va maʻrifat” телеканалини Марказ, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари фаолиятини ёритиш масалалари бўйича Республика кенгашининг бош ахборот ҳамкори этиб белгилаш тавсия этилди.

Марказ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасининг маънавий-маърифий ишларни амалга оширишдаги, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришдаги самарали меҳнати ва ибратли фаолияти учун давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига топшириладиган “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Мавзуга оид