Ўзбекистон | 15:17 / 04.05.2019
54627
2 дақиқада ўқилади

Очилбой Раматовга парламент сўрови юборилди

Фото: KUN.UZ

2019 йил 4 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси иши давом эттирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, сенаторлар Сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири Очилбой Раматовга парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартларига риоя қилиш қисми ижроси ўрганилган. 

Натижада зудлик билан ҳал қилиш талаб қилинадиган қатор муаммолар аниқланган. Шу боис тегишли сўров юбориш зарурати пайдо бўлди. Масала сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар Контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўташга оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан Ўзбекистон Республикаси бош вазирига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 14 декабрдаги қарорига мувофиқ мазкур парламент сўрови Ўзбекистон Республикаси бош вазирига юборилган эди.

Парламент сўровига 2019 йил 20 мартда берилган батафсил жавобда мавжуд муаммо ва камчиликларни, хусусан контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўтишнинг амалдаги тизимидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилгани таъкидланди. Хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ҳарбий хизматдан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомнинг янги лойиҳаси, шунингдек контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш тартибини такомиллаштириш, мавжуд сансалорликни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид